“Кўчада узоқ юрманг, соябон тутинг...” CCВ хавфли ультрабинафша нурларидан ҳимояланиш бўйича тавсия берди

Саломатлик

image

Бугун, 3 май куни пойтахт Тошкент шаҳрида қуёшнинг ультрабинафша нурланиш индекси 12 балли шкалада 10 балл бўлиши кутилаётгани маълум қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуёшнинг ультрабинафша нурлари фаол таъсир этганда, унинг саломатликка салбий оқибатларини камайтириш бўйича аҳолига ўз тавсияларини берди.

Таъкидланишича, нурланиш қоқ туш пайти максимал даражага яқинлашиб, унинг индекси 12 балли шкалада 10 балл бўлиши, соат 14:00 да 9, 15:00 да 7 ва 16:00 да 5 даражага тушиши қайд этилган.

Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази маълум қилишича, бундай пайтда қуёш нури аллергик реакциялар келтириб чиқаришидан эҳтиёт бўлиш лозим. Хусусан, бу каби ноқулай об-ҳаво шароитида терининг қуёш нурига сезгирлиги ошиши натижасида фотодерматит касаллиги юзага келиши мумкин.

Қуёш нурининг ўзи аллерген ҳисобланмайди. Бироқ ультрабинафша нурланиш тери ёки инсон танасидаги ҳар қандай модда билан ўзаро таъсирга киришганда, аллергик реакция пайдо бўлиши мумкин.

Оқибатда кўкракнинг юқори қисми, бўйин, қўл соҳаларида пуфакча, қавариқ, қизил доғ ва турли тошмалар юзага келади. Баъзан терининг қипиқланиши, қичишиши ва шишлар кузатилади.

Қолаверса, кўзнинг шиллиқ қаватига ультрабинафша нурларининг таъсири конюнктивит ва кератит, яъни шоҳпарданинг яллиғланишини ҳам келтириб чиқаради.

Бундай яллиғланиш зарарли нур таъсиридан бир неча соат ўтгач пайдо бўлиб, иккиси ҳам оғриқли кечади. Шу билан бирга ультрафинафша нурлар катарактанинг ривожланишига ҳам сабаб бўлади.

Бундан ташқари, нурланиш индекси юқори бўлган вақтда очиқ ҳавода узоқ вақт юриш саратон касаллигига мойилликни ошириб, иммунитетни пасайтиради.

Шу боис бундай кунларда соат 11:00 дан 16:00 гача қуёш нурлари остида узоқ вақт юрмаслик, агар зарурат туғилса, бош кийим кийиш ёки соябон тутиш, кўзойнак тақиш ва имкон қадар ёпиқ либослар кийиш тавсия этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

CCВ ультрабинафша нурланиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг