Куба Президенти 22 йил ичида илк бор Эронга борди
Олам
−
04 Декабрь 2023
4859Куба Президенти Мигель Диас-Канель 22 йил ичида илк бор Эронга ташриф буюрди. Бу ҳақда “Tasnim” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 3 декабрь куни кечқурун Теҳронга етиб борган Мигель Диас-Канелни Эрон Соғлиқни сақлаш, даволаш ва тиббий таълим вазири, Эрон ва Куба ўртасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия раиси Баҳром Аёллоҳий кутиб олган.
Бугун, 4 декабрь куни эрталаб Эрон Президенти Иброҳим Раисий Саадобод тарихий-маданий мажмуасида кубалик мавқедошини расман қаршилаган.
Икки давлат олий мансабдор шахслари ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар ва англашув меморандумларини имзолаши режалаштирилган.
Шунингдек, Диас-Канель Эроннинг бир қатор расмийлари билан алоҳида учрашувлар ўтказиши ҳамда Куба билан ҳамкорликда тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида эришилган сўнгги қўшма ютуқларни намойиш этувчи кўргазмага ташриф буюриши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу Куба раҳбарининг 2001 йилда Фидель Кастро Эронга келганидан буён республикага илк ташрифидир.
Маълумот учун, 12 йиллик танаффусдан сўнг, жорий йилнинг июнь ойида Эрон Президенти Гаванага бориб, кубалик мавқедоши билан учрашган. Икки Президент иштирокида Эрон ва Куба икки томонлама иқтисодий, сиёсий ва суд тизими соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган олтита келишув имзоланган.
LiveБарчаси