“Крокус” иши бўйича тергов якунланди

Олам

image

Россия Тергов қўмитаси “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида 2024 йилнинг 22 март куни содир этилган террорчилик ҳужуми юзасидан терговни якунлади. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Расмий баёнотга кўра, ҳужум “Украина томонидан буюртма қилинган”, терговда жами 19 киши айбланувчи сифатида иштирок этган.

Тергов маълумотига кўра, ҳужумни Афғонистон ва Покистонда фаолият юритувчи “Вилоят Хуросон” террорчи гуруҳининг аъзолари содир этган. Ҳужумни уюштиришда айрим гумондорлар хориждан келган бўлиб, тайёргарликни чет элда ўтказган. Қолганлари эса Россия ҳудудида турган ва террор акти учун молиявий ва техник воситалар тўплаган. Терговда айтилишича, улардан баъзилари қурол-яроғни ноқонуний тайёрлаб, террорчиларга топширган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг баёнотида, жиноят содир этилгач, тўрт нафар ижрочи Украинага қочишга уринган, бироқ улар Брянск вилоятида қўлга олинган.

Тергов доирасида 19 нафар шахсга нисбатан жиноий иш судга юборилган. 

Улар қуйидаги моддаларга кўра жавобгарликка тортилган:

  • 205-модда – террористик ҳужум;
  • 205.1 – террорчилик фаолиятига кўмаклашиш;
  • 205.3 – террорчилик тайёргарлиги;
  • 205.5 – террорчилик ташкилоти фаолиятини ташкил этиш ёки иштирок этиш;
  • 222, 222.1 – қурол ва портловчи моддалар билан ноқонуний муомала,
  • 223, 223.1 – қурол ва портловчи қурилмаларни ноқонуний ясаш,
  • 30-модда 1-қисм – террорчиликка тайёргарлик кўриш;
  • 205-модда 2-қисм “а” банди – олдиндан тил бириктириб содир этилган террористик акт;
  • 322.3 – чет эллик шахсни Россияда сохта рўйхатга қўйиш;

Жиноий жавобгарликка тортилаётган шахслар орасида Тожикистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларининг фуқаролари ҳам бор. 

Маълумот учун, Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залига ҳужум ўтган йилнинг 22 март куни тахминан соат 20:00 да содир бўлганди. Тўрт нафар қуролли шахс концертга келган одамларга қарата ўқ узган, аудиторияга ўт қўйган, сўнг бинони тарк этиб, машинада қочиб кетган. Оқибатда 145 киши ҳалок бўлди, 500 дан ортиқ киши яраланди. 1,7 мингдан ортиқ киши жабрланувчи сифатида тан олинган, 800 дан ортиқ киши гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.

1 ноябрь куни ушбу терактда гумон қилинган яна 4 нафар шахс аниқланди. Уларнинг барчаси мамлакат таркибидаги Ингушетия Республикаси фуқаролари. Улардан икки нафари ҳибсга олинган, яна икки нафари қидирувга берилган. Гумонланувчилар – Ҳусайн Медов, Жаброил Аушев ва Хаваж-Багаудин Алиев Назран туманининг Сурхахи қишлоғида туғилган ва шу қишлоқда рўйхатда туради. Қолган бир нафар гумонланувчи – Ботир Кулаев эса Экажево қишлоғидан экани қайд этилган. Медов (астма касали бор, 2-гуруҳ ногирони) ва Аушев ушланиб, Москвага олиб кетилган. Улар терактда иштирок этганини рад этган, бироқ қурол ва ўқ-дориларнинг ноқонуний савдосига алоқадорлигини тан олган. Алиев ва Кулаев қидирувга берилган.

Ушбу ҳужум замонавий Россия тарихидаги энг йирик терактлардан бирига айланди, ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими бўлган “Вилоят Хуросон” гуруҳи ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари терактни содир этиш ва уюштиришда ёрдам беришда гумон қилинган 18 нафар шахсни қўлга олди, уларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Крокус Сити Ҳолл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг