Кремль Украинадаги уруш “тупик”ка кириб қолганидан хавотирда – ОАВ

Олам

image

Фронтда муваффақиятларнинг йўқлиги, ортиб бораётган талофатлар, Украина дронларининг тобора муваффақиятли тус олаётган ҳужумлари ва махсус хизматлар талаби билан интернетнинг тез-тез ўчириб қўйилиши ҳамроҳлигида кечаётган иқтисодий инқироз Россия раҳбарияти вакилларини ўзлари олиб бораётган урушга янада сергакроқ нигоҳ билан қарашга мажбур қилмоқда. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, “Bloomberg” хабар берди.

Қайд этилишича, жамиятда намоён бўла бошлаган асабийликни элитанинг кўплаб вакиллари ҳам баҳам кўрмоқда, қолаверса, баъзи юқори мартабали мулозимлар можаро боши берк кўчага кириб қолгани ва ундан чиқиш йўллари кўринмаётганини айтмоқда.

Ушбу шахслардан бирининг сўзларига кўра, Россия Президенти Владимир Путин урушни давом эттириш ниятида, бироқ уни йил якунига қадар тугатишни истарйди . Бироқ, аввалгидек ўз шартлари асосида, жумладан, Донбасс устидан тўлиқ назоратни қўлга киритиш орқали. Путин, шунингдек, Европа билан хавфсизлик бўйича кенгроқ битим тузишни хоҳлайди, бу шартнома амалда Москванинг ҳудудий ютуқларини қонунийлаштириб бериши керак.

Бир нечта европалик дипломатлар “Bloomberg”га Россия ҳокимият йўлакларидаги муҳитни маҳзун деб баҳолашларини айтган: жанг майдонида патли (ҳеч бир томон устунлик қила олмайдиган) вазият юзага келган, Украина учувчисиз учиш аппаратлари эса нафақат нефтни қайта ишлаш ва экспорт қилиш корхоналари фаолиятига мунтазам путур етказмоқда, балки урушни Москванинг ичига ҳам олиб кирди. 17 майга ўтар кечаси 600 га яқин дрон Москва регионига можаро бошланганидан бери энг йирик ҳужумни уюштириб, энергетика объектлари, ҳарбий-саноат мажмуаси корхонаси ва “Шереметьево” аэропортига зарба берган.

Дронлардан қўрққани сабабли Путин ҳудудларга сафар қилишни бутунлай тўхтатган ва фақат ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) воситалари билан энг кучли ҳимояланган Москва, Москва вилояти ва Петербургдагина жамоатчиликка кўриниш бермоқда. Украина Қуролли Кучларининг (УҚК) зарбалари тезлашгани фонида унинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланишидаги танаффус 196 кунга етган.

Шу билан бирга, Кремль етакчиси ўз амбицияларини камайтиргани йўқ ва Донбассни эгаллаш ниятида, устига-устак, олий ҳарбий қўмондонлик уни буни кузгача амалга ошириш мумкинлигига ишонтирган.

“Мен уни ҳамма нарсани ҳозирги фронт чизиғида тугатишга ундадим. Аммо у тинимсиз: “Йўқ, мен бунга рози бўлолмайман”, дейди манбалардан бири.

Бироқ Россия армиясининг олдинга силжиши шунчаки тўхтаб қолгани йўқ. АҚШ Мудофаа вазирлиги Разведка бошқармасининг баҳолашича, январь ойида Россия армияси учун Starlink сунъий йўлдош интернети терминаллари ўчириб қўйилганидан кейин УҚК қарийб 400 квадрат километр ҳудудни озод қилган.

Украина бўлинмалари дронлар (жумладан, ерусти дронлари) пиёдалар билан биргаликда қўлланиладиган аксилҳужумларни тобора кўпроқ ташкил этмоқда. Ҳозирча шахсий таркибнинг жиддий етишмовчилиги сабабли шиддатли ёриб ўтишларга эришишнинг иложи бўмаяпти, аммо армия энди 2025 йилдагидек мудофаагагина маҳкум бўлиб ўтиргани йўқ.

Мудофаа вазири Михаил Федоров шу ҳафта журналистларга берган интервьюсида Украина “душманнинг ҳужумини сезиларли даражада секинлаштиргани ва ташаббусни аста-секин ўз қўлига қайтараётганини” айтган. У армияга кўпроқ одамларни жалб қилишга қаратилган ислоҳотларни тайёрламоқда, ваҳоланки бешинчи йилга қадам қўйган урушдан чарчаган мамлакатда чақирув (сафарбарлик) ҳануз ўта оммабоп бўлмаган чоралигича қолмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг, биринчи навбатда, пиёдалар сафини тўлдириш учун иш ҳақини ошириш, рекрутларни жалб қилишнинг бошқа усулларини топиш, шунингдек, қўшинларни жойлаштириш самарадорлигини ошириш ва дронларни (жумладан, ер усти дронларини) қўллашни кенгайтириш кўзда тутилмоқда.

Ҳатто энг жанговар руҳдаги россиялик ҳарбий мухбирлар ҳам яқин орагача зарурлигини таъкидлаб келган сафарбарликка чақирмай қўйишди, деб қайд этади уруш бошидан бери z-ҳамжамиятни ўрганиб келаётган Иван Филиппов. Унинг сўзларига кўра, улар бу ҳеч қандай натижа бермаслигини тушунишади: УҚК дронлар ёрдамида олдинги чизиқни шу қадар қаттиқ назорат қилмоқдаки, қўшинларнинг оммавий равишда етиб келиши фронтни ёриб ўтишни эмас, балки фақат янги оммавий талофатларни англатади.


Мақола муаллифи

Теглар

Кремль Украина уруш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг