Краснодарда фавқулодда вазият жорий этилди
Олам
−
26 Декабрь
11102Россиянинг Краснодар вилояти Керч бўғозида танкерларнинг ҳалокати ва нефть маҳсулотлари тўкилиши оқибатида фавқулодда вазият режими жорий этилди. Бу ҳақда вилоят губернатори Вениамин Кондратьев маълум қилди.
“Ҳозиргача шаҳар даражасидаги фавқулодда вазият амал қилган бўлиб, бу ҳолат кемалар ҳалокатга учраган илк кунларда Анапа ва Темрюк туманлари ҳокимиятлари томонидан тезкор жорий этилган эди. Аммо вазият ҳали ҳам кескин. Бугун мен вилоят даражасидаги фавқулодда вазиятни жорий этишга қарор қилдим”, деди Кондратьев.
Унинг сўзларига кўра, Анапа ва Темрюк тумани соҳилларида нефть маҳсулотлари ёйилиши узоқ давом этмоқда ва тўхтамаяпти. Дастлаб мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, мазутнинг асосий қисми қора денгиз тубига чўкиши кутилган эди. Бу эса уни сувда йиғишга имкон берарди.
“Лекин об-ҳаво ўз шартларини қўймоқда. Ҳаво исиб, нефть маҳсулотлари юзага чиқмоқда”, деди губернатор.
Маълумот учун, жорий йилнинг 15 декабрь куни Керч бўғозида “Волгонефть-212” ва “Волгонефть-239” танкерларининг ҳалокати рўй берганди. Битта экипаж аъзоси ҳалок бўлди, қолганлари эвакуация қилинди. Авария оқибатида 3 минг тоннадан ортиқ мазут сувга оқиб кетди, Қора денгиз бўйининг 50 километрдан ортиқ масофаси ифлосланди.
LiveБарчаси