Костенко конидаги фожиа: 10 кишига суд ҳукми ўқилди

Олам

image

Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги 46 нафар кончи ҳалок бўлган ва 28 киши жароҳатланган Костенко конида содир бўлган портлаш бўйича суд жараёни якунланди. Бу ҳақда “Zakon.kz” хабар берди.

Кон директори, унинг ўринбосарлари, бош муҳандислар ва кон ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш учун масъул бўлган участка раҳбарлари – жами 10 киши жазоланди. Тергов ва суд томонидан улар саноат, ёнғин ва кон хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларини бузгани аниқланди (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси). Бу кўмир чангининг портлашига ва карбонат ангидриднинг чиқишига олиб келган.

Барча айбланувчилар қамоқ жазосини олди. Кон директори Сергей Мустивко 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унинг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Вадим Еремин 7 йилга ҳукм қилинди. Бош муҳандис Николай Грознов ва 6-сонли участка бошлиғи Виктор Коптенков ҳам худди шундай муддатга қамалди.

Суд бош муҳандиснинг кон ишлари бўйича ўринбосари Владимир Гонноченкони 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бош муҳандиснинг хавфсизлик бўйича ўринбосари Дмитрий Федоренко ва бош механик Дмитрий Коцарнинг ҳар бири 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Чанг ва портлашдан ҳимоя қилиш бўлими бошлиғининг ёрдамчиси Виталий Пестрятак ҳам худди шундай муддатга ҳукм қилинди. Шамоллатиш ва хавфсизлик бўлими бошлиғи Владимир Шишканов ва конвейер транспорти бўлими бошлиғи Тўлаган Габдушевга 5 йилга қамалди.

Барча маҳкумлар 3 йил муддатга тоғ-кон саноатида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Суд жараёни деярли 6 ой давом этди, материаллар 108 жилдни ташкил этди. Иш бўйича 74 киши жабрланувчи сифатида тан олинган.

Маълумот учун, Костенко конидаги портлаш 2023 йил 28 октябрда маҳаллий вақт билан 02:33 да содир бўлган. Ундан олдин ёнғин чиққан. Фавқулодда ҳодиса оқибатида 46 кончи ҳалок бўлди, 28 нафари тан жароҳати олди. Фожиадан кейин конга тегишли бўлган “АрселорМиттал Темиртау” АЖ давлат мулкига ўтгани маълум бўлди. Кейинчалик қозоғистонлик тадбиркор Андрей Лаврентьев компаниянинг янги инвестори бўлди ва ташкилотнинг номини Qarmet деб ўзгартирди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Қозоғистоннинг Улитау шаҳрида жойлашган “Жомарт” конидаги фожиа оқибатида коннинг етти ишчиси ҳалок бўлганди. Шунингдек, 2024 йилнинг октябрь ойида Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги “Саяк-3” конида углерод оксиди чиқиши оқибатида икки ишчи ҳалок бўлганди. Ҳар иккала кон ҳам Kazakhmys гуруҳига қарашли эди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Қозоғистон Костенко кони Қарағанда вилояти Qarmet

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг