Коррупцияга қарши курашишнинг янги чоралари жорий этилади
Жамият
−
28 Июнь 2021
10820Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича янги чора-тадбирлар пакети ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Президентнинг Фармони ва қарори лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама учун жойлаштирилди.
Хусусан, Президентнинг “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳасига мувофиқ Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестрига киритилган шахсларга қуйидагилар тақиқланади:
давлат хизматига қабул қилиниши ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши;
сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларининг кўрсатилиши;
давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзолигига киритилиши;
тадбиркорлик субъектлари давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик битимида иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиши;
давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиши.
Президентнинг “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида қуйидагилар таклиф этилмоқда:
- 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари 50%дан юқори ташкилотларда очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади;
- 1 октябрга қадар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қатъиян тақиқланган давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рўйхатини белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади;
- коррупцияга, шу жумладан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш, давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолиятида иштирок этишни чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади;
- 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади;
- 1 авгyстдан бошлаб давлат харидлари соҳасида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, давлат харидлари соҳасида ўтказилаётган тендер (танлов)ларнинг натижаларини мажбурий тарзда очиқ эълон қилиш амалиёти жорий этилади.
Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 1 декабрдан бошлаб:
- ҳар йил якуни бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларида йўлга қўйилган коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтинг эълон қилинади;
- даромад ва мол-мулк декларациялари бўйича маълумотлар базаси шакллантирилади.
Фармон ва қарор лойиҳалари ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
LiveБарчаси