Коррупцияга сабаб бўлиши мумкин – сенаторлар томорқа тўғрисидаги Қонунни рад этди
Жамият
−
11 Май 2020
7200Бугун, 11 май куни Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига томорқа ер участкаларидан оқилона фойдаланилишини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонуни муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ерга эгалик қилувчининг таклифига асосан белгиланган қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ҳақида расман огоҳлантирилганлигига қарамай томорқа ер участкасидан асоссиз равишда оқилона фойдаланмаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи 651-модда билан тўлдирилмоқда.
Аммо сенаторлар томонидан Қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бунга қатор сабаблар келтириб ўтилди.
Биринчидан, ушбу норма амалиётда турлича талқин қилинишига олиб келиши мумкин. Жумладан, ундаги томорқа ер участкасидан “асоссиз равишда” ёки “оқилона” фойдаланмаслик ёҳуд “самарасиз” фойдаланиш каби тушунчалар қонун ҳужжатларида очиб берилмаган. Бу эса тегишли идоралар томонидан жавобгарликка тортишда коррупция ва бошқа суиистеъмолликларга замин яратади.
Иккинчидан, ҳозирги кунда давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига асосан “Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унда юқоридаги каби қонун ҳужжатларимизда мавҳум бўлган тушунчаларни очиб бериш, шахсий томорқадан самарали фойдаланиш ва аҳоли даромадини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Учинчидан, ана шу ишлаб чиқилаётган Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимча тез кунларда ўзининг долзарблиги ва аҳамиятини ҳам йўқотади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь