Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ваколатлари кенгайтирилди
Жамият
−
07 Декабрь 2021
9448Бугун, 7 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг фаолиятини такомиллаштиришнинг қўшимча чоралари ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ 2022 йил 1 январдан Агентлик қуйидаги ваколатларга эга бўлади:
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг электрон маълумотлар базаларидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга оид маълумотларни олиш;
- тадқиқотлар ва маъмурий суриштирувлар ўтказиш ҳамда таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича қўшма ишчи гуруҳларини тузиш;
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жиноят ишини қўзғатиш ёки бошқа таъсир чораларини кўриш учун коррупция фактлари тўғрисидаги хабарларни юбориш ва ушбу хабарларни текшириш натижалари бўйича қабул қилинган қарор тўғрисида маълумотни талаб қилиб олиш;
- оммавий резонанс ва муҳокамалар, яъни жамиятнинг маълум бир ҳодисага бўлган ҳиссий муносабати, жамоатчилик эътиборини тортган ва турли баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган коррупцияга оид фактлар бўйича ишни кўриб чиқаётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда матбуот анжуманларини ўтказиш.
Агентликнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда коррупциявий жиноятлар борасида жамоатчиликни хабардор қилишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:
- оммавий резонанс ва муҳокамалар, яъни жамиятнинг маълум бир ҳодисага бўлган ҳиссий муносабати, жамоатчилик эътиборини тортган ва турли баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган коррупцияга оид фактлар акс этган хабарлар бўйича – ўн кун муддатда;
- бошқа коррупциявий жиноят ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисида – ҳамкор органлар билан келишувга кўра ҳар чорак ёки ярим йиллик якунлари бўйича;
- коррупцияга оид жиноятчилик ҳолати, тенденциялари, содир бўлиш сабаб ва шарт-шароитлари, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида – йил якуни бўйича.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унга кўра, агентлик жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини, оммавий ахборот воситаларининг хабарларини ўрганиш асосида, шунингдек, ўз ташаббуси билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этишга ҳақли этиб белгиланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь