Коррупция можароси фонида Ермак истеъфо берди

Олам

image

Украина Президенти аппарати раҳбари Андрей Ермак бугун, 28 ноябрь куни Миллий коррупцияга қарши бюро (NABU) унинг уйида тинтув ўтказганидан сўнг истефо аризасини тақдим этди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилди.

Ермакнинг истефоси Зеленский президентлиги давридаги энг йирик коррупция можароси авж олаётган бир пайтга тўғри келди. Бу можарода Президентнинг яқин атрофидаги шахслар иштирок этгани айтилмоқда. Ой бошида Украина Миллий коррупцияга қарши бюроси давлатга қарашли “Энергоатом” компаниясидаги коррупция схемаси бўйича саккиз нафар гумонланувчига айб қўйди. Терговчилар бу схема раҳбари сифатида Зеленскийнинг энг яқин иттифоқчиларидан бири Тимур Миндични кўрсатди.

“Президент аппарати фаолияти қайта шакллантирилади. Андрей Ермак, Президент аппарати раҳбари, истефо аризасини ёзган. У Украина манфаатларини музокараларда ҳар доим керакли даражада ҳимоя қилгани учун миннатдорлик билдираман”, деди Зеленский.

Зеленский гап-сўз ва миш-мишларни олдини олишни исташини таъкидлади.

“Янги аппарат раҳбари масаласида эртага ушбу идорани бошқариши мумкин бўлган номзодлар билан маслаҳатлашув ўтказаман”, деди у.

Коррупция ­можаросида тилга олинган икки вазир – Адлия вазири Герман Галушенко ва Энергетика вазири Светлана Гринчук – 19 ноябрь куни ишдан олинган. Уларга ҳали айб қўйилмаган.

Миндичга айб қўйилишидан олдин у мамлакатдан қочиб кетган. Зеленский уни санкция рўйхатига киритган ва қидирувга берган.

“Украинская правда” нашри манбаларига таяниб хабар беришича, Ермак ҳам ушбу коррупция ишига алоқадор ва терговчилар уни “Али Баба” деб аташмоқда.

Украина Бош антикоррупция прокурори Александр Клименко шу ойда айтганидек, терговчиларнинг фикрига кўра, “Али Баба” ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топшириқ бериб, NABU ходимлари ва антикоррупция прокурорларига босим ўтказилишини таъминлаган.

“Энергоатом” коррупция схемаси маблағлари ҳисобига Киев яқинида қурилаётган қимматбаҳо уйлардан бири Ермак учун мўлжаллангани айтилади”, деб хабар берди “Kyiv Independent” манбаси.

Ермак бу хабарлар ҳақида ҳали изоҳ бермаган. Президент аппарати ҳам журналистларнинг сўровларига жавоб қайтармаган.

Можароларга қарамай, Зеленский Ермакни ишдан бўшатишдан бош тортди. Аксинча, 23 ноябрь куни Швейцарияда АҚШ билан ўтказилган музокараларда Украина делегацияси раҳбари этиб тайинлади. Бу музокаралардан аввал АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия манфаатига мойил деб баҳоланаётган тинчлик режасини эълон қилган эди.

2020 йилда тайинланган Ермак Украина ҳукуматининг энг таъсирли амалдорларидан бирига айланган. Узоқ йиллик танқидларга қарамай, Зеленский унга ишонишини таъкидлаб келади.

“Ермак кучли менежер. Мен унинг натижалари учун ҳурмат қиламан. У мен айтган ишларни бажаради. У мен билан келди, мен билан кетади. Ва у ҳеч қандай лавозимда қолмайди”,  деган эди Зеленский ўтган йили “Bloomberg”га берган интервьюсида.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Украина Владимир Зеленский Андрей Ермак Энергоатом Али Баба

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг