Коронавируснинг янги штамми кўпроқ ўлимларга сабаб бўладими?
Саломатлик
−
06 Январь 2021
13379Буюк Британияда пайдо бўлиб, бугунгача 41 мамлакатга ёйилишга улгурган коронавируснинг янги штамми ҳақиқатан ҳам аввалгисига қараганда хавфлими? У олдингисига қараганда кўпроқ ўлимларга сабаб бўлиши ростми? Ушбу саволларга Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов жавоб берди.
“Мутацияга учраган янги турдаги коронавирус Буюк Британияда кенг тарқалмоқда. Британия қироллиги бўйлаб чекловлар эълон қилинган, лекин одамлар орасидаги контакт тўлиқ узилмагани туфайли янги турдаги вирус тез тарқалиб кетган. Дастлаб вируснинг янги штамми Дания, ЖАР ва Австралияда аниқланган эди.
Ўзбекистон 2020 йилнинг 21 декабридан Британия ва янги штамм аниқланган бошқа 8 та мамлакатлар билан авиақатновларни тўхтатган”, дейди Ботир Қурбонов.
Мутахассисга кўра, вирус мутацияга учраш оқибатида янги тури пайдо бўлган. Унинг мутацияга учрашига одамлар ўртасидаги контактлар узилмай қолгани ва кўпчилик карантин қоидаларига риоя қилмай қўйгани сабаб бўлиши мумкин.
“Сентябрда аниқланган янги штамм Лондонда шу қадар тез тарқалдики, бугун пойтахтда коронавирус юқтирганларнинг 65 фоизида айнан мутацияга учраган коронавирус аниқланган. Маълум қилинишича, янги вирус олдингисидан 70 фоизга юқумлироқ бўлиши мумкин.
Вирус мутацияга учраши янгилик эмас. Уханда тарқалган коронавирус мутацияга учраб, февралда янги штамм Европада жуда кенг тарқалиб кетганди. Бутун дунё бўйлаб вируснинг айнан мана шу тури энг кенг тарқалди. Ёзда аввал Испанияда дам олаётган сайёҳларда аниқланган ва кейинчалик кенг тарқалган А222V турдаги коронавирус ҳам мутацияга учраганди.
Иммунитети суст бўлган одамнинг танасига тушган коронавирус ривожланиб, мутацияга учраши оқибатида янги турдаги вирус пайдо бўлиши мумкин. Бу вирус олдингисига қараганда кўпроқ ўлимларга сабаб бўлиши исботланмаган”, дейди Қурбонов.
2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Ухан шаҳрида тарқалган янги турдаги коронавирус 2020 йилнинг 15 март куни Ўзбекистонга етиб келди. Хўш, коронавируснинг навбатдаги штамми мамлакат чегараларини босиб ўтмаслиги учун қандай чоралар кўрилмоқда. Ботир Қурбонов бу ҳақда шундай дейди?
“Янги штаммнинг Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш мақсадида чет элдан кириб келаётган фуқароларни кўрикдан ўтказиш, экспресс усулида антиген тест синамалари ўтказиш, шифохоналарга жойлаш, карантинга олиш ва мулоқотда бўлганларни изоляция қилиш тадбирлари давом эттирилмоқда.
Дастлабки штаммдаги коронавирус инфекциясида бўлгани каби бу штаммда ҳам ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, қўлларни антисептиклар билан зарарсизлантириш энг самарали усуллар ҳисобланади. Шунингдек, агар зарурат бўлмаса чет мамлакатларга чиқиш, турли йиғинларни ташкил этиш ва иштирок этишдан тийилган маъқул”.
LiveБарчаси