Коронавирус қандай ҳолларда кўп юқаётгани маълум қилинди
Жамият
−
10 Сентябрь 2020
20742Ўзбекистон коронавирус инфекциясини юқиш тезлигига мамлакатда ўтказилаётган турли хил маросимлар, тўйлар, тадбирлар, туғилган кунлар сабаб бўлган. Бу ҳақда коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева маълум қилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, турли маросимлар, тўйлар, тадбирлар ва туғилган кунларни карантин қоидаларига зид равишда ўтказиш касалликнинг юқиш тезлигини оширган.
“Ўтказилаётган тадбирларда оила аъзоларидан ташқари бир нечта таниш-билиш ва вилоятлардан бир-бирига яқин таниш бўлмаганларнинг келиши касалликнинг соғлом одамга юқиш эҳтимолини кўпайтириб беради. Касалликни симптомларсиз кечираётган инсонлар билан бирга алоқада бўлиб қолиб, бирор бир йиғинда, бир дастурхон олдида ўтириб, тўй ёки туғилган кун тугагунича биргаликда икки метр ижтимоий масофани сақламаган ҳолда мулоқотда бўлиши вируснинг юқишини кучайтирмоқда”, дейди Севара Убайдуллаева.
Маълум бўлишича, соғлом инсон тиббий ниқобларсиз ярим соатдан ортиқ касал одам билан мулоқотда бўлса, организмга шунчалик кўп миқдорда вирус тушадики, ойлар давомида вирусдан қутилиш қийин кечади.
Aйни вақтда карантин юмшатилиб, баъзи чекловлар олиб ташлангандан сўнг, вируснинг юқиш даражаси ҳам ошган. Жорий йилнинг сентябрь ойининг илк кунида 343 нафар бемор қайд этилган бўлса, 9 сентябрда бу кўрсаткич қарийб 170 нафарга ошган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 15 августидан тўйлар ўтказишга рухсат берилди.
ИИВнинг қайд этишича, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, маросим ўтказилишидан аввал профилактика инспектори маросим ўтказаётган хонадон эгасини расман огоҳлантириши лозим. Белгиланган талабларни бузган шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларни бузиш), яъни карантин қоидаларига риоя қилмай, коронавирус инфекциясини тарқалишига сабабчи бўлаётганлигингиз учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солинишига ёки ушбу хатти-ҳаракат оғир оқибатларга, жумладан эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса, Жиноят кодексининг 2571-моддаси (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш)га асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.
Жорий йилнинг 28 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимлар, сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди идоралар ходимлари ҳар бир маҳаллада, жамоат жойлари, транспорт ва корхоналарда санитария талаблари бажарилиши бўйича темир интизомни таъминлаши зарурлигини айтиб ўтганди. Айниқса, тўй-маросимларни бир неча кун давомида ёки бир кунда 3-4 марта ўтказиш ҳолатларига чек қўйиш кераклиги алоҳида таъкидланган.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси