Кореяда суд Бош вазирга нисбатан импичментни бекор қилди

Олам

image

2024 йил декабрида Жанубий Корея парламенти томонидан импичмент эълон қилинган Жанубий Корея Бош вазири Хан Док Су мамлакат Конституциявий суди қарори билан ўз лавозимига тикланди. Бу ҳақда бугун, 24 март куни “Yonhap” агентлиги хабар берди.

Шу тариқа Хан яна Жанубий Корея президенти вазифасини бажарувчи бўлиб, мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этишга уринишдан сўнг давлат раҳбари лавозимидан четлаштирилган Юн Сок-Ёль ўрнини эгаллади.

Жанубий Корея президенти идораси Конституциявий суд қарорини олқишлаб, парламент ўз ваколатларини суиистеъмол қилганини исботлаганини айтди.

“Хан Док Су президентлик лавозимига қайтганидан кейин савдо каби шошилинч муаммоларни ҳал қилишга ваъда берди”, дея хабар беради “Reuters”.

Президент ва унинг вориси импичментлари

2024 йил 3 декабрда Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль мухолифатнинг “давлатга қарши фаолияти”ни баҳона қилиб, кутилмаганда мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

Бироқ мамлакат парламенти бу қарорни тасдиқлашдан бош тортди ва эртаси куни эрталаб давлат раҳбари уни бекор қилишга мажбур бўлди. 14 декабрь куни сайланган вакиллар Юнга импичмент эълон қилишди.

Шундан сўнг, мамлакат Конституциясига мувофиқ, амалдаги Ҳукумат бошлиғи Хан Док Су президент бўлди. Бироқ 27 декабрь куни парламент унга ҳам импичмент эълон қилди.

Бунга Ханнинг мамлакат Конституциявий судига Юннинг лавозимидан четлатилишини маъқуллай оладиган яна учта судьяни тайинлашдан бош тортгани сабаб бўлди.

Шундан сўнг мамлакат президенти вазифасини вақтинча бош вазир ўринбосари, молия вазири Чой Санг-мок бажарди.

Юн Сок Ёль ҳибсдан озод қилинди

Ҳибсга олинган президент ғалаёнга раҳбарлик қилганлик ва ҳокимиятни суиистеъмол қилганликда айбланиб, тергов қилинган. У уч марта гумонланувчи сифатида сўроққа келмаганидан сўнг, суд уни ҳибсга олиш учун ордер берди.

15 январь куни Юн қўриқчиларнинг қаршилик кўрсатишга уринишларига қарамай, ўз қароргоҳида ҳибсга олинган.

Президент ҳибсга олинганидан кейин Сеулда тартибсизликлар бошланди.

7 март куни Сеул марказий округ суди ҳимоячининг Юн Сок Ёль ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирди ва илгари чиқарилган ҳибсга олиш ордерини бекор қилди. Бир кундан кейин 64 ёшли сиёсатчи ҳибсдан озод қилинди. Бироқ у тергов остида қолмоқда. Юнга қўзғолон уюштирганликда айбловлар бўйича суд жараёни 14 апрелда бошланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Юн Сок Ёль Хан Док Су

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг