Кореяда рекорд миқдордаги мерос солиғи тўланди
Олам
−
04 Май 4409 2 дақиқа
Жанубий Кореянинг энг йирик корпоратив гуруҳи Samsung ортида турган Ли оиласи мамлакат тарихидаги энг катта мерос солиғи тўловини якунлади. Жами сумма 12 триллион вонни (тахминан 8 миллиард доллар ёки 6 миллиард фунт стерлинг) ташкил этган. Бу ҳақда BBC хабар қилди.
Тўлов марҳум Samsung раиси Ли Кюнь-ҳи вафотидан кейин қолган мерос билан боғлиқ. У 2020 йил октябрда вафот этган бўлиб, ортида 26 триллион вонлик (тахминан 17–18 миллиард доллар) бойлик ва акциялар, кўчмас мулк ва санъат асарлари коллекциясини қолдирган. Солиқни Samsung раиси Ли Жае-ёнг, унинг онаси Ҳонг Ра-ҳи ҳамда опа-сингиллари Ли Бу-жин ва Ли Сео-ҳюн биргаликда сўнгги беш йил давомида олти босқичда тўлаб тугатган. Оила вакиллари аввалроқ солиқ тўлаш фуқароларнинг табиий бурчи эканини таъкидлаган. Якуний тўлов амалга оширилгани бугун, 3 май куни расман тасдиқланган.
Маълумотларга кўра, 12 триллион вонлик бу сумма Жанубий Кореянинг 2024 йилдаги умумий мерос солиғи тушумининг тахминан 1,5 баробарига тенгдир. Мамлакатда мерос солиғи ставкаси 50 фоиз бўлиб, бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Бу катта тўлов инвесторлар томонидан ҳам диққат билан кузатилган, чунки у Ли оиласининг Samsung устидан назоратни сақлаб қолиш имкониятига таъсир қилиши мумкин эди. Мероснинг бир қисми бўлган санъат коллекциялари Жанубий Корея Миллий музейи ва бошқа маданий ташкилотларга топширилган.
“Bloomberg Billionaires Index” маълумотларига кўра, Ли оиласининг умумий бойлиги 45 миллиард доллардан ошади. Сўнгги йилда эса сунъий интеллект соҳасидаги яримўтказгичларга бўлган талаб ошиб, Samsung акциялари қимматлашган ва уларнинг бойлиги сезиларли кўпайган.
Маълумот учун, Samsung’га 1938 йилда Ли Кюнь-ҳининг бобоси Ли Бюнг-чул томонидан асос солинган бўлиб, ҳозирги кунда компания яримўтказгичлар, смартфонлар, телевизорлар ва бошқа электрон маҳсулотлар бозорида дунё етакчиларидан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг Adani Group конгломерати асосчиси ва раиси Гаутам Адани Reliance Industries раҳбари Мукеш Амбанини ортда қолдириб, Осиёнинг энг бой одами унвонини қайтариб олганди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси