Корея Президенти ва рафиқасининг шахсий маълумотлари тарқалди

Олам

−

image

Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мённинг Европа сафарида қатнашган 168 кишига оид шахсий маълумотлар пулли интернет ресурслардан бирига жойлаштирилди. Очиқланган маълумотлар орасида Президент ва унинг рафиқаси Ким Хе Гённинг паспорт маълумотлари ҳам бор. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Интернетга чиқарилган файлда шахсларнинг корейс ва инглиз тилларидаги исм-шарифи, лавозими, туғилган санаси, паспорт рақами ва ҳужжатнинг амал қилиш муддати кўрсатилган. Рўйхатга Президентдан ташқари Президент маъмурияти, Ташқи ишлар вазирлиги ва қўриқлаш хизмати ходимлари, шунингдек, журналистлар ҳам киритилган.

Тахминларга кўра, файл 2 июнь куни, Ли Чжэ Мённинг Бельгия, Италия ва Францияга сафари бошланишидан тахминан бир ҳафта олдин жойлаштирилган.

Ҳодиса юзасидан мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги текширув бошлаган. Асосий эътибор маълумотларнинг ҳимояланган тизимлардан қандай қилиб чиқиб кетганини аниқлашга қаратилган. Жумладан, ходимларнинг эҳтимолий хатти-ҳаракатлари, маълумотларни сақлаш қоидалари бузилгани ёки ташқи аралашув бўлгани ўрганилмоқда.

Вазирлик, шунингдек, Президент сафарига тайёргарлик жараёнида фойдаланилган компьютерлар ва электрон почта ҳисобларини техник текширувдан ўтказмоқда. Бу орқали маълумотларнинг яна сизиб чиқишига йўл қўймаслик мақсад қилинган. Очиқланган маълумотларни сайтдан олиб ташлаш ва уларнинг кейинчалик тарқалишини чеклаш чоралари ҳам кўрилган.

Президент маъмурияти паспорт маълумотлари ошкор бўлганидан хабардор эканини билдирган. Ҳозирда Ли Чжэ Мён, унинг рафиқаси ва маълумотлари тарқалган бошқа расмий шахслар учун янги паспортлар расмийлаштириш чоралари кўрилмоқда.

KBS телеканали интернетда мазкур маълумотларни аниқлаб, президент маъмуриятига хабар берган. Ҳозирча уларнинг бошқа манбаларда ҳам тарқалганини тасдиқловчи далиллар йўқ.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг