Ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлмоқда
Бизнес
−
16 Апрель 2023
12021Устоз, муаллим, мударрис, мураббий – нақадар шарафли ҳамда масъулиятли касб. Муаллим, устоз шундай мўътабар зотки, унинг номи ҳам, умри ҳам ҳамиша боқийдир. Юртимизда азалдан уларнинг иззати ва ҳурмати ҳамиша юқори бўлган, машаққатли меҳнати ардоқланган. Инсон ўзини англаган пайтдан бошлаб устозга таянади, улардан таълим ва тарбия олади.
Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 52-моддасида давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши қатъий белгиланмоқда. Таълим ва илм-фанга оид нормалар ҳам қарийб 2 баробарга ошаётганини кўришимиз мумкин.
Умумхалқ муҳокамаси жараёнларида айни шу норманинг Бош қомусда акс этиши бўйича турли фикр-мулоҳазалар бўлганлигини таъкидлаш зарур. Турли соҳа вакиллари педагог, ўқитувчининг мақомини алоҳида қайд этилиши бўйича зарурият мавжудми дейишган бўлса, аксарият аҳолимиз ушбу норманинг бегиланиши шарт эканлигини қўллаб-қувватлаган.
Ижтимоий тармоқларни кузатар эканмиз, минг афсуски баъзан ушбу шарафли касб эгаларига нисбатан ўқувчилар, ота-оналар ва бошқа шахслар тарафидан куч ишлатиш, фаолиятига аралашиш, уларни турли жамоатчилик ишларига жалб қилинганликка оид фото-видеолавҳалар ёки хабарларга кўзимиз тушиб қолади.
Сўнгги йилларда айни шундай нохуш вазиятларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ педагог ходимларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб қилиш ҳоллари ҳали ҳам учраб турибди. Куни кеча педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек, уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Қонуни имзоланди.
Унга кўра, педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар кучайтирилмоқда. Жумладан, умумий ҳолатда бирор шахсни мажбурий меҳнатга жалб этиш 30 млн сўмгача (БҲМнинг 100 баравари) жаримага сабаб бўлса, эндиликда педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш 45 млн сўмгача (БҲМнинг 150 баравари) жарима билан жазоланиши мумкин.
Жиноят кодексида ҳам педагогларга қарши ҳаракат учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди ва жазо кучайтирилди. Яъни педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун, агар худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, 45 млн сўмдан 60 млн сўмгача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди.
Шу ўринда тарихда бўлиб ўтган бир воқеани мисол сифатида келтириб ўтиш лозимки, буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий устози Абдураҳмон Жомийнинг яшайдиган маҳалласидан ўтар чоғида отдан тушиб пиёда ўтишни жоиз билган. У зотдан бунинг хикматини сўрашганда, устозига бўлган ҳурмат-эҳтиром ва у кишининг ҳурмати ила маҳалладошларига бўлган ҳурмат бажо келтириш эканлигини таъкидлаган.
Аждодларимиз хатти-ҳаракатлари, амаллари ва ўгитларидан ижобий хулосалар чиқарган ҳолда ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини Конституция даражасида ўз ўрнига қўйиш объектив заруратдир.
Конституцияга киритилаётган мазкур нормага ўхшаш қоидалар – 1966 йил 5 июлдаги UNESCO’нинг “Ўқитувчилар мақоми тўғрисида”ги тавсиясининг 7-бандида педагогнинг “эркинлиги принципи” мустаҳкамланган. Шунингдек, Германия, Португалия ва Миср конституцияларида ҳам белгилаб қўйилганлигини таъкидлаш лозим.
Ушбу норманинг киритилиши таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагог ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликлар, уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш, ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини давлат тарафидан ҳимоя қилишга, шунингдек, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий ва моддий фаровонлигини янада яхшилаш учун хизмат қилади.
Анваржон Миркомилов
“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи