Конституцияни ўзгартириш бўйича қонун лойиҳаси парламентга киритилди

Жамият

image

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг бирламчи талқини тайёрланди. Бу ҳақда бугун, 22 июнь куни Конституциявий комиссия матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳаси Конституциянинг 83-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида қуйи палатага киритилган.

Конституциявий қонун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституциясининг барча бўлимларидаги 66 та моддага 170 дан ортиқ тузатишларни назарда тутмоқда.

Депутат Жаҳонгир Шириновга кўра, Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар “инсон-жамият-давлат” принципига асосланган бўлиб, миллий Конституциявий ўзликни акс эттиради ва амалдаги Конституциянинг барча бўлимларига туб ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.

“Бугун, 22 июнь куни масъул қўмиталарнинг қўшма йиғилиши ўтказилган ва унда Конституциявий қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун қабул қилиш мумкин деган хулосага келинди. Қонунчилик палатаси кенгаши томонидан бу хулоса кўриб чиқилди ва қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилинди”, дейди депутат Жаҳонгир Ширинов.

Лойиҳа энди партиялар фракцияси мажлисиларида муҳокама қилинади ва якунда Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисига биринчи ўқишга киритилади.

Қонун лойиҳасига қуйи палатанинг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари масъул этиб белгиланган.

“Ялпи мажлисда концептуал жиҳатдан депутатларимиз томонидан кўриб чиқилганидан кейин қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига чиқариш ҳақидаги таклифларимиз ҳам тайёрланмоқда”, дейди Жаҳонгир Ширинов. 

Бундан келиб чиқадики, депутатлар қонун лойиҳасини маъқуллагач Бош қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тасдиқлаш мақсадида референдум ўтказилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Конституцичга ўзгартириш киритиш

Баҳолаганлар

47

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар