Консерваториянинг бирданига 60 нафар талабаси курсдан курсга қолдирилди
Жамият
−
24 Март 2021
10542Ўзбекистон давлат консерваториясида ўтказилган биринчи ярим йиллик бўйича сессия имтиҳонлари якунига етди ва 60 нафар талаба сессияни топшира олмади. Улар айни олий таълим муассаса ректорининг буйруғи билан курсдан курсга қолдирилиши керак эди. Аммо...
Қайд этилишича, консерватория маъмурияти ва профессор-ўқитувчилари томонидан сессия ва имтиҳонлар барча стандартларга мувофиқ ҳамда коррупцияга қарши курашиш учун барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда ўтказилиши таъминланган.
Кўрилган чоралар натижасида консерваторияда таҳсил олиб келаётган 60 нафар талаба сессиядан йиқилган. Бундай вазиятда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг қарори, шунингдек, Адлия вазирлигининг 2018 йил 26 сентябрда қабул қилинган "Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги буйруғи мувофиқ тўрт ёки ундан кўп фандан академик қарздорлиги мавжуд талабалар ректор буйруғи асосида қайта топширишдан маҳрум қилиниб, иккинчи йилга қолади.
Йил давомида ўқимаган талаба ва унинг ота-онаси дўппи тор келганда курсдан курсга қолиш хабарини эшитгач, нима қилади? Албатта, шикоят, арз, дод-вой. Айрим талабалар ва уларнинг ота-оналари томонидан турли ташкилотларга, жумладан Олий ва ўрта таълим вазирлигига, Маданият вазирлигига қилинган кўплаб мурожаатларни инобатга олиб, Консерватория раҳбарияти талабаларга қайта имконият беришга қарор қилди. Қайд этилишича, бунда 2020 йилда мамлакатда юзага келган эпидемиологик вазият ҳам инобатга олинган. Пандемия сабаб жорий қилинган карантин мусиқачиларнинг ушбу касбнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда тўлиқ таълим олишларини имконсиз бўлиб қолгани айтилган.
Имтиҳон жараёнининг холислиги ва ошкоралигини таъминлаш учун бошқа ОТМлардан мустақил ва холис ўқитувчиларни таклиф этишга қарор қилинди. Шунингдек, исталган шахс Ўзбекистон давлат консерваториясининг расмий платформалари орқали имтиҳонларни онлайн форматда кузатиш имкониятига яратилди.
Итиҳон 23 - 28 март кунлари соат 9:00 дан бошлаб ўтказилмоқда.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг январь ойида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида иштирок этиб, мамлакатда Олий таълим соҳаси энг коррупциялашган йўналиш эканини айтганди.
LiveБарчаси