Туркманистон Ўзбекистонга ёрдам таклиф қилди
Жамият
−
07 Май 2020
20962Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот вақтида Сардоба сув омборидаги тўғоннинг ўпирилиши натижасида юз берган сув тошқинидан жабр кўрган Сирдарё вилояти туманларини тиклашда ёрдам беришни таклиф қилди. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Бердимуҳамедов табиий офат Ўзбекистоннинг бир қатор шаҳарлари ва аҳоли пунктларига катта зарар етказгани муносабати билан далда сўзларини изҳор этган. Шунингдек, Туркманистон томони зарар кўрган ҳудудларга керакли ёрдам кўрсатишга, у ерга ускуналар, ишчилар юборишга ва инфратузилмани тиклашда кўмак беришга тайёрлигини таъкидлаган.
Туркманистон раҳбари мамлакатнинг тегишли идоралари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан боғланишга, ўзаро ҳамкорликнинг тезкор каналларини яратишга ва табиий офат оқибатларини тезда бартараф этиш учун тегишли иш схемаларини ишлаб чиқишга тайёрлигини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасидаги телефон мулоқоти кеча, 6 май куни бўлиб ўтди.
LiveБарчаси