Конгресс рекорд даражадаги мудофаа бюджетини кўриб чиқяпти
Олам
−
08 Декабрь 3994 2 дақиқа
Кеча, 7 декабрь куни АҚШ Конгресси томонидан 2026 молиявий йил учун Миллий мудофаа ваколатлари тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди. Лойиҳага кўра, хавфсизлик учун 901 миллиард доллар ажратилади. Бу Трамп сўровидан 8 миллиард долларга кўп. Унда Украинага ёрдам учун 800 миллион доллар ажратилиши ҳам киритилган.
Ҳужжатнинг нашр этилган версиясига кўра, ҳарбий техника сотиб олиш бўйича одатий қоидалар ва Россия ҳамда Хитой фаолияти олдида мудофаа қобилиятини ошириш чора-тадбирларига қўшимча равишда, жорий қонун лойиҳаси Трамп айтган дастурларни қисқартиришга қаратилган.
Бунга хилма-хиллик, тенглик ва инклюзивлик ташаббусларини чеклаш, шунингдек, ноқонуний муҳожирларни тутиш ва гиёҳванд моддалар контрабандасига чек қўйиш учун АҚШнинг жануби-ғарбий чегарасига қўшинларни жойлаштириш чоралари киради.
Қонун лойиҳасида АҚШ Президентининг ўндан ортиқ фармойишлари, жумладан, АҚШда ҳарбий дронларни ишлаб чиқаришни тезлаштириш, АҚШ ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимини “Олтин гумбаз” ракета қалқонига айлантириш ҳамда жанубий чегарани қўриқлаш учун фаол қўшинлардан фойдаланишга рухсат берувчи фармойишлар киритилган.
Ҳужжат, шунингдек, 1991 ва 2002 йилларда Ироқда ҳарбий куч ишлатишга рухсат берувчи иккита резолюцияни ҳам бекор қилади. Қонун лойиҳасининг сўнгги таҳририда, шунингдек, АҚШнинг Сурияга қарши санкцияларини бутунлай бекор қилиш кўзда тутилган.
Қонун лойиҳасида қуролли кучларнинг барча бўлинмалари учун ҳарбий тўловларни 3,8 фоизга ошириш кўзда тутилган. Шу билан бирга лойиҳа, Пентагоннинг қурол харид қилиш тартибларини ўзгартиради ва қуролли кучларни турли материаллар, маҳсулотлар ва хизматлар билан таъминловчи давлат ва хусусий ташкилотлар тармоғини мустаҳкамлашга қаратилган.
Матнда АҚШнинг Хитойдаги айрим технологияларга сармоя киритишига янги чекловлар киритилган. Бу билан Америка капиталининг Хитойнинг технологик ривожланишига, жумладан, сунъий интеллект ва ҳарбий технологияларга оқимини чеклайди.
Вакиллар палатасининг Қуролли кучлар қўмитаси раиси Майк Рожерснинг айтишича, қонун лойиҳаси “муҳим жанговар қобилиятларни яратишга” қаратилган.
Тахминан 3000 бетлик қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш шу ҳафта бошланади. Қонунчилар йил охиригача ҳужжатни Трампга имзолаш учун топшириш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ май ойида Трамп Конгрессдан 2026 молия йили учун (2025 йил октябрдан 2026 йил сентябргача) 892,6 миллиард долларлик мудофаа бюджетини қабул қилишни сўраган, бу 2025 йилдаги харажатлар билан таққосланган. Вакиллар палатасининг дастлабки қонун лойиҳасида харажатлар шу даражада белгиланган, бироқ Сенат 925 миллиард долларлик мумкин бўлган харажатлар даражасини маъқуллаган.
Live
Барчаси