Конго футбол федерацияси президенти умрбод қамалди
Спорт
−
10 Март 2179 1 дақиқа
Конго Республикаси футбол федерацияси президенти Жан-Ги Блез Майолас йирик миқдордаги молиявий жиноятларда айбдор деб топилиб, умрбод озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Yen” нашри хабар берди.
Суд ҳукмига кўра, мулозим COVID-19 пандемияси даврида пул ювиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, ноқонуний фоизлар олиш ва FIFA томонидан ажратилган маблағларни ўзлаштиришда айбланган.
Тергов материалларига кўра, Майолас аёллар футболини ривожлантириш ва махсус ўқув марказини қуриш учун мўлжалланган жами 1,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни талон-торож қилган. Шундан қарийб 500 минг АҚШ доллари бевосита аёллар терма жамоаси эҳтиёжлари учун ажратилган эди.
Майолас 2025 йил май ойи охирида Марказий разведка ва ҳужжатлар бошқармаси (CID) томонидан қўлга олинган эди. Федерация президенти билан бирга бош котиб Баджи Момбо Вантете ҳам ҳибсга олинган.
Бироқ, ҳар икки мулозим ўзларига қўйилган айбларни рад этиб, ушбу жиноий ишни сиёсий “фитна” деб атаганди.
Эслатиб ўтамиз, Конго терма жамоаси Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг эҳтимолий рақиби ҳисобланади. Улар саралашда Ямайка ва Янги Каледонияни мағлуб этса, Фабио Каннаваро шогирдлари билан бирга “К” гуруҳидан ўрин олади.
Live
Барчаси