Комилов Туркий Кенгашда Афғонистон бўйича Ўзбекистон позициясини баён қилди 

Жамият

image

Ўзбекистон Афғонистоннинг тинч ва мустақил давлат сифатида шаклланишидан манфаатдор. Афғонистон замини энди минтақа давлатлари ва умуман халқаро ҳамжамият учун хавф туғдирмаслиги керак. Бу ҳақда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашида иштирок этаётган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўз нутқида баён қилди.

Бугун, 27 сентябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатларнинг Ташқи ишлар вазирлари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда кенг вакиллик асосида Афғонистон ҳукуматини тузиш зарурлиги, инсон ҳуқуқлари, жумладан, аёллар ва миллий озчилик ҳуқуқларига риоя қилиниши муҳокама қилинди. 

Комилов дунё давлатлари учун устувор вазифа Афғонистонни иқтисодий тусдаги минтақавий интеграцион жараёнларига янада фаол жалб қилиш, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш бўлиб қолиши кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, можародан кейинги Афғонистон стратегиясини ишлаб чиқиш муҳимлиги, шунингдек, мамлакатга зарур инсонпарварлик ёрдам кўрсатилишининг давом этиши алоҳида қайд этилди.

Тадбир якунида Туркий Кенгашга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг Афғонистон бўйича Қўшма баёноти қабул қилинди.

Маълумот ўрнида, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши тузиш тўғрисидаги битим 2009 йил 3 октябрда имзоланган. Ҳозирги вақтда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркия ушбу кенгашнинг аъзолари ҳисобланади. Венгрия эса кенгашда кузатувчи мақомига эга. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Истанбулда жойлашган. Жорий йилнинг ноябрь ойида давлат раҳбарлари иштирокида Кенгашнинг навбатдаги саммити ўтказилиши ва Кенгаш мақоми ўзгартирилиши кутилмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

247

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг