Комилов Тожикистондаги конференцияда қатнашди. Ўзбекистон яна Афғонистон масаласини кўтарди

Жамият

image

Бугун, 30 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Душанбеда (Тожикистон) бўлиб ўтган “Осиё юраги – Истанбул жараёни” мулоқотининг тўққизинчи вазирлар конференциясида иштирок этди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар берди.

Анжуманда Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани ҳам иштирок этган.

Форум доирасида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ҳамда унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига ёрдам бериш мақсадида хавфсизликни таъминлаш ҳамда минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, иштирокчи мамлакатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш чораларини кучайтириш масалаларига бағишланган муҳокамалар бўлиб ўтган.

Тадбирда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов нутқ сўзлаб, ушбу тадбир Форум кун тартибида белгиланган мақсадларга эришишда муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаган.

“Ўзбекистон Афғонистоннинг тинч, мустақил ва ўзини ўзи таъминлайдиган давлат сифатида шаклланишидан манфаатдор. Афғонистон заминида тинчлик мустаҳкам бўлса, бу бутун Марказий Осиё учун барқарорлик ва фаровонлик гарови ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва тенглик тамойилларига асосланган дўстона сиёсат юритмоқда”, дейди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.

Абдулазиз Комилов Афғонистон можаросини сиёсий йўл билан ҳал этишнинг муҳимлигини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият билан Афғонистондаги инфратузилма ва иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линияси ва “Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуришнинг муҳим жиҳатларини қайд этган.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари форум иштирокчиларини жорий йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф қилган.

Тадбир якуни бўйича вазирларнинг тўққизинчи конференцияси декларацияси қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдулазиз Комилов Афғонистон Президенти Ашраф Ғанига Шавкат Мирзиёевнинг мактубини топширганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

44

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг