Комилов Қатар Амирига Мирзиёевнинг мактубини етказди
Жамият
−
11 Апрель 2021
4488Қатар пойтахти Доҳага амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун, 11 апрель куни Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.
Вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийга йўллаган мактубини етказди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон-Қатар муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб жиҳатлари тўғрисида фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Қатар кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим салоҳиятга эга эканлиги таъкидланди.
Томонлар ўзаро сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда ҳамкорликни сезиларли даражада ошириш зарурлигини таъкидладилар.
Афғонистонда узоқ муддатли тинчликка эришиш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича афғонлараро инклюзив музокараларни илгари суришнинг муҳимлиги таъкидланди.
Қатар томони Ўзбекистоннинг Афғонистондаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Музокараларда икки томон кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Аввалроқ, Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Қатардаги “Толибон” ҳаракати сиёсий ваколатхонаси раҳбари мулла Бародар Ахунд билан учрашгани ҳақида хабар бергандик.