Комилов АҚШ Давлат котибини Тошкентга таклиф қилди

Жамият

image

Кеча, 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, суҳбат чоғида кўп қиррали Ўзбекистон-Америка стратегик шериклигининг ҳозирги ҳолати ва уни янада чуқурлаштиришнинг истиқболлари муҳокама қилинган.

Хабарга кўра, АҚШ томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларга юқори баҳо берган. Жумладан, одам савдосига қарши курашиш ва эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида эришилган ютуқлар эътироф этилган.

Томонлар “C5+1” шакли доирасидаги фаол ҳамкорликни давом эттиришнинг муҳимлиги қайд этган.

Суҳбатда Афғонистонда можародан кейинги даврда ижтимоий-иқтисодий ҳаётни қайта тиклаш учун мамлакатни минтақавий интеграция жараёнларига жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ТИВ раҳбари АҚШ Давлат котибини жорий йил июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги юқори даражали халқаро конференцияга таклиф қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

60

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг