“Коля Қирғиз” жиноий гуруҳининг фаол аъзоси қўлга олинди

Олам

image

Қирғизистонлик марҳум криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев (Қамчибек Асанбек)нинг уюшган жиноий гуруҳининг фаол аъзоси ушланди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.

Разведка маълумотларига кўра, муқаддам оғир жиноятларда судланган фуқаро С.Д. хорижий давлатлардаги жиноий ташкилотлар билан алоқани сақлаб қолган ва жиноий иерархияда юқори мавқега эришиш, ҳатто “қонун ўғриси” даражасига етиб бориш ниятида бўлган.

Қўлга олиш ва тергов ҳаракатлари давомида мазкур шахсда ўқотар қурол – “Макаров” русумли тўппонча ва 4,57 грамм гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 283-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларини сотиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Олинган қурол ва гиёҳванд моддалар экспертизага юборилган.

Бундан ташқари, тергов органлари томонидан қўлга олинган шахснинг ноқонуний қурол савдоси ва бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

“Коля Қирғиз” вакили Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди. Ҳозирда қўлга олинган шахснинг жиноий фаолиятдаги иштироки ва эҳтимолий алоқаларини аниқлаш бўйича тергов-тезкор тадбирлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ марҳум криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев (Қамчибек Асанбек)нинг уюшган жиноий гуруҳининг 3 нафар собиқ аъзоси ушланганди. Улар бузғунчи сиёсий кучлар билан республикада минтақалараро вазиятни беқарорлаштириш, ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишга уриниш бўйича провокацион видеолавҳа тайёрлаган. Шунингдек, тадбиркорнинг катта миқдордаги пулини ҳам ўғирлашган.


Мақола муаллифи

Теглар

гиёҳванд модда тергов жиноий гуруҳ Коля Қирғиз Қамчибек Асанбек Макаров тўппончаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг