Колумбиядаги қуролли жангда 18 киши ҳалок бўлди

Олам

image

Колумбияда содир бўлган икки ҳужум оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам жароҳат олди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қайд этилишича, ҳужумларни собиқ Колумбия инқилобий қуролли кучларидан ажралиб чиққан гуруҳлар амалга оширган.

Биринчи ҳужум вақтида Кали шаҳридаги ҳарбий ҳаво мактабига қарашли Марко Фидель Суарес авиабазаси яқинида портлаш содир бўлган. Портловчи моддалар юкланган юк машинаси портлаши оқибатида 6 киши ҳалок бўлган, 71 киши жароҳат олган, кўплаб уйлар зарар кўрган. Гувоҳларнинг айтишича, портлаш жуда кучли бўлган.

Бунга қадар Антёкия департаментининг Амальфи муниципалитетида дрон полициянинг Black Hawk вертолётига ҳужум қилган. Вертолёт кока плантацияларини (гиёҳванд моддалар) йўқ қилиш бўйича операцияда иштирок этаётган эди. Ҳужумда бортдаги 12 киши ҳалок бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда қалин қора тутун осмонга кўтарилгани акс этган.

Кали мэри Алехандро Эдер шаҳар бўйича ҳарбий ҳолат эълон қилган ва йирик юк машиналарининг шаҳарга киришини вақтинча тақиқлаган. У воқеа ҳақида ахборот берган фуқароларга 10 минг доллар мукофот ваъда қилган. 

Колумбия Президенти Густаво Петро ва армия раҳбарияти хавфсизлик кенгашини йиғиб, фуқароларни ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чораларни муҳокама қилишини маълум қилган. Мамлакат Мудофаа вазирлиги эса “давлат терроризмга ён бермайди, жиноятлар энг қаттиқ қонуний жазога тортилади”, дея баёнот берган.

Қайд этиш жоиз, сўнгги ойлар давомида Колумбияда хавфсизлик кучлари, исёнчилар ва наркогуруҳлар ўртасидаги тўқнашувлар кўпайди. Айниқса дронлардан фойдаланиш кенгайди – 2024 йилда 115 та ҳужум қайд этилган. Ўтган ҳафтада мамлакат жануби-ғарбида дрон ҳужуми оқибатида 3 ҳарбий ҳалок бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гаити пойтахти Порт-о-Пренсдаги жиноий гуруҳ аъзолари 110 кишини сеҳргарликда айблаб, ўлдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Колумбия Кали Марко Фидель Суарес

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг