Колумбияда сариқ иситма сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Олам
−
17 Апрель 2525 2 дақиқа
Колумбия ҳукумати сариқ иситма касаллиги авж олгани сабабли мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат режимини жорий қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Соғлиқни сақлаш вазири Гильермо Альфонсо Харамильонинг маълум қилишича, ўтган йилнинг бошидан буён 74 кишида ушбу касаллик аниқланган, 34 киши вафот этган. Мамлакатнинг марказий-ғарбий қисмидаги Толима департаментида вазият кескинлашиб кетган. У ерда 22 та касалланиш ҳолати қайд этилган.
“Энди гап фақат хавфли деб ҳисобланган 388 та муниципалитет ҳақида эмас. Касаллик Амазон, Чоко ва Кататумбо ҳудудларидан чиқиб, мамлакатнинг марказий қисмига ҳам етиб борди. Бу эса бутун жамият учун жиддий хавф туғдиради”, деган вазир.
Шунингдек, у аҳолига эмланиш зарурлигини эслатиб, сариқ иситмани тарқатувчи чивинларга қарши кураш чораларини кучайтиришга чақирган.
Маълумот учун, сариқ иситма вирусли касаллик бўлиб, Aedes (тишловчи) ва Haemagogus каби чивинлар чақиши орқали юқади. Касалликни Flavivirus авлодига мансуб вирус келтириб чиқаради. Инкубация даври 3-6 кун давом этади. Баъзи беморларда касалликнинг дастлабки белгилари йўқолганидан кўп ўтмай, касалликнинг оғирроқ босқичи бошланади. Ҳарорат 40 даражагача кўтарилади, одамлар ҳолсизланади, бу даврда уларда буйрак ва жигар етишмовчилиги пайдо бўлади. Шунингдек, сариқлик ва бурундан қон кетиши ва қон аралаш қусиш билан геморрагик синдром ривожланиши мумкин. Бундай ҳолатда касаллик юқтирганлар 1-2 ҳафтадан сўнг соғайиб кетади. Касалланганларнинг оз қисмида оғир аломатлар пайдо бўлади, уларнинг ярми 7-10 кун ичида вафот этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санитария-эпидемиология қўмитаси Ўзбекистонда ўта хавфли юқумли касаллик тарқатувчи Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги уйғонгани ҳақида хабар берганди. Ушбу касаллик каналар чақиши оқибатида юзага келади ва бу инсон ҳаёти учун ниҳоятда хавфлидир.
Live
Барчаси