Клавиатура билан ишлайдиганларни қандай хавфлар кутади?

Саломатлик

image

Бармоқларда оғриқ ва увишиш, билакларда кучсизлик, елка ҳамда бўйин соҳасидаги таранглик фақатгина чарчоқ натижаси эмас, балки организм бераётган огоҳлантирувчи сигналлар ҳам бўлиши мумкин. Бу ҳолатлар кўпинча клавиатуранинг ўзидан эмас, ундан нотўғри фойдаланиш оқибатида юзага келади. Россиялик терапевт Алина Азизова RT нашрига берган интервьюсида клавиатурада ишловчилар билан кузатиладиган муаммолар ҳақида айтиб берди.

Терапевт тўғри эргономикани сақлаш ва мунтазам танаффуслар қилиш бундай муаммоларнинг олдини олишда муҳим роль ўйнашини таъкидлаган.

Мутахассис клавиатурани стол четидан тахминан 30 сантиметр масофада жойлаштиришни тавсия қилади, шунда тирсаклар стол устида ёки стулнинг қўлтиқтаёқларида қулай ва тўғри бурчак остида туради. Бундан ташқари, ҳар 30-60 дақиқалик ишдан сўнг қўллар ва бармоқлар учун қисқа машқларини бажариш муҳимдир. Муштларни сиқиб-очиш, шунингдек, билакларни мулойим айлантириш каби оддий ҳаракатлар мушаклардаги зўриқишни камайтириши мумкин.

Экспертнинг айтишича, асосий хавф кўпчилик ўйлагандек, ҳарфларни ёзиш пайтида бармоқ бўғимларининг ейилиши ёки шикастланиши эмас. Бўғимлар нозик моторика учун мўлжалланган бўлиб, матн териш жараёни уларга жиддий юклама бермайди. Асосий хавф атрофдаги тўқималар – мушаклар, пайлар ва нервларнинг узоқ вақт давомида ортиқча зўриқиши билан боғлиқ. Бу эса танаффуссиз ва узоқ муддатли ҳарф териш жараёнида, айниқса қўлнинг нотўғри ҳолатда ушлаб турилиши, масалан, билакнинг доим букилган ҳолатда қолиши натижасида юзага келади.

Бундай статик юкланиш карпал туннель синдромининг ривожланишига олиб келиши мумкин. Ушбу синдром билак соҳасида жойлашган тор анатомик каналда медиан нервнинг сиқилиши билан боғлиқ. Азизованинг сўзларига кўра, бу ҳолат бир қатор хос аломатлар билан намоён бўлади.

Хусусан, бош бармоқ, кўрсаткич бармоқ ва ўрта бармоқда, шунингдек, кафтда оғриқ ва увишиш пайдо бўлади. Бу сезгилар сиқилиш, санчиш ёки ёрилиб кетаётгандек ҳиссиёт тарзида намоён бўлиши мумкин ҳамда айниқса тунги пайтларда янада кучаяди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ иш жойида узоқ вақт давомида ўтириш барча сабаблар бўйича ўлим хавфи ва юрак-қон томир касалликларини ошириши исботланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

муаммолар Клавиатура хавфлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг