КХШТ саммитида Путин ва Лукашенко ёлғизланиб қолди – ОАВ
Олам
−
16 Май 2022
34984Бугун, 16 май куни бўлиб ўтган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг юбилей саммитида Беларусь фуқароси Александр Лукашенко ва Россия Президенти Владимир Путиндан ташқари бошқа иштирокчи давлатлар етакчилари Украинани тилга олмаган. Бу ҳақда UNIAN “The New York Times”га таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари иштирок этаётган саммитда Путин Украинадаги уруш ҳақида гапирган, аммо фақат Беларусь уни қўллаб-қувватлаган.
Саммитда сўзга чиққан Лукашенко КХШТнинг бошқа аъзоларини Ғарб санкциялари олдида Россия ва Беларусни қўллаб-қувватламаганликда айблаган. Унинг эслатишича, январь ойида КХШТ Қозоғистонда норозилик намойишлари фонида мамлакат ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун қўшин юборган, бироқ Украинадаги уруш пайтида улар Россияни ёлғиз қолдирган.
“Ҳозир бизни ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш ришталари боғлаб турадими? Балки мен ноҳақдирман, лекин сўнгги воқеалар жавоб йўқлигини кўрсатди”, деган у Қозоғистон ҳукуматининг яқинда Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам беришдан бош тортганига ишора қилиб.
Шунингдек, у Европа Иттифоқи давлатлари бирлигини ўрнак қилиб кўрсатган.
“Қаранг, Европа Иттифоқи қандай монолит овоз беради ва ҳаракат қилади. Агар биз бўлиниб кетсак, биз шунчаки майдаланиб, парчаланиб кетамиз”, дея қўшимча қилган Лукашенко.
КХШТнинг қолган тўрт аъзоси – Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон етакчилари телевидениедаги чиқишларида ҳатто Украинани тилга олмаган.
Нашрнинг қайд этишича, Россиянинг Украинага бостириб кириши КХШТга аъзо мамлакатларни қийин аҳволга солиб қўйган. Ҳаммаси Россия билан яқин иқтисодий ва ҳарбий алоқаларга эга, бироқ Путиннинг суверен Украинага бостириб кириши ташқи сиёсатини Москвадан ташқарида диверсификация қилишга интилаётган давлатлар учун намуна бўлган.
Маълумот учун, 16 май куни Москвада Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистонни ўз ичига олган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг 2019 йилдан бери биринчи юзма-юз саммити бўлиб ўтди.
LiveБарчаси