КХДРда халққа армия захирасидан озиқ-овқат тарқатиш бошланди
Олам
−
04 Август 2021
8110Корея Халқ Демократик Республикаси мамлакат аҳолиси ўртасида янги катта очарчиликнинг олдини олиш учун армия захираларидан озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишни ташкил қилди. Бу ҳақда “Associated Press” Жанубий Корея миллий разведка бошқармасига таяниб хабар берган.
Маълумотларга кўра, коронавирус пандемияси ва 2021 йилда иқлим ўзгариши туфайли Шимолий Кореяга янги очарчилик тўлқини таҳдид солмоқда. Мамлакатни қурғоқчилик ва иссиқ об-ҳаво қамраб олган, бу қишлоқ хўжалигининг асосий экини — гуручнинг кузги ҳосилига салбий таъсир кўрсатган.
Қолаверса, жазирама ва қурғоқчилик маккажўхори экинларининг катта қисмини йўқ қилган ва чорвачиликка зарар етказган.
Таъкидланишича, КХДР очликка қарши курашни “миллат борлиғи масаласи” деб ҳисоблайди. Жанубий Кореядаги GS&J хусусий институти эксперти Квон Тэ Жиннинг таъкидлашича, Шимолий Кореяда озиқ-овқат ҳолатини барқарорлаштириш учун армия таъминотидан биринчи марта фойдаланилмаяпти, аммо бу сафар, мутахассиснинг сўзларига кўра, армия таъминоти захираси деярли тугаши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Корея Халқ Демократик Республикаси етакчиси Ким Чен Ин жорий йилнинг июнь ойида мамлакатда озиқ-овқат етишмовчилиги бошланиши мумкинлиги ҳақида эълон қилганди. Ким Чен Ин Шимолий Корея партияси ва халқини янги “қийин юриш”га тайёр бўлишга чақирганди. КХДР тарихидаги ушбу атама ХХ асрнинг 90-йиллари, мамлакат оммавий очарчилик туфайли оғирлашган иқтисодий инқирозни бошдан кечираётган даврни назарда тутади.