Киев яқинида “Bayraktar” заводи қурилиши бошланди
Олам
−
07 Февраль
4792Туркиянинг самолёт ишлаб чиқарувчи “Baykar Makina” компанияси Киев яқинида “Bayraktar TB2” ёки “TB3” дронлари ишлаб чиқариладиган завод қурилишини бошлади. Бу ҳақда кеча, 6 февраль куни компания бош директори Ҳалук Байроқдорга таяниб, "Reuters" хабар берди.
“Заводимиз қурилмоқда... қурилишни якунлаш учун бизга тахминан 12 ой вақт керак, кейин ички жиҳозлар ва ташкилий тузилмага ўтамиз”, деган Байроқдор Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган “World Defence Show” кўргазмасида.
Унинг айтишича, заводда 500 нафаргача ходим ишлайди ва йилига 120 тагача учувчисиз самолёт ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Бош директордан Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши фонида завод қурилиши хавфсизлиги ҳақида ҳам сўралган. Бунга Байроқдор режалар тўлиқ олға кетаётганини ва ҳеч нарса уларни тўхтата олмаслигини айтган.
Туркиянинг “Baykar Makina” компанияси даромад ўсиши бўйича рекордчи ҳисобланади. 2022 йилда “Baykar Makina”нинг қурол даромадлари 94 фоизга ўсгандан сўнг биринчи марта Европанинг энг яхши 100 қурол ишлаб чиқарувчилари қаторига кирди. Компания TB2 дрони учун 30 давлат билан экспорт шартномалари тузганини маълум қилди.
Стокгольм Халқаро Тинчлик Тадқиқот Институти маълумотларига кўра, улар орасида Украина, Эфиопия, Ливия va Озарбайжон бор.
Маълумот учун, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 2022 йилнинг 3 февраль куни Киевга ташриф буюрди. Ушбу ташриф доирасида саккизта давлатлараро ҳужжат, жумладан, Украинада “Bayraktar” дронларини ишлаб чиқариш ва техник хизмат кўрсатиш заводини қуриш имконини берадиган юқори технологиялар, авиация ва космик соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланди. 2022 йилнинг 19 июль куни Украина ҳукумати Туркия билан келишувни ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. 8 август куни Украинанинг Туркиядаги элчиси Василий Боднар “Baykar Makina” Украинадан завод қуриш учун ер сотиб олганини айтди.
“Bayraktar” дрони
“Bayraktar TB2” – Туркиянинг “Baykar Makina” компаниясининг узоқ парвоз қила оладиган ҳужумкор разведкачи дрони. Унинг максимал тезлиги 222 км/соат, қанотлари кенглиги 12 м, қурилма ҳавода 24 соатгача туриши мумкин, дроннинг амалий шифти эса 8,2 минг м.
Дрон учиш масофаси 0,5 дан 8 кмгача бўлган иккита лазерли бошқариладиган UMTAS танкка қарши ракеталари ёки Туркиянинг Roketsan компаниясининг тўртта Bozok, MAM-C ёки MAM-L бошқариладиган аниқ бомбалари билан қуроллантирилади.
Бундай турдаги дронлардан Қорабоғ, Сурия ва Ливиядаги жанговар ҳаракатларда фойдаланилган. Айни пайтда “Bayraktar TB2” дронлари Озарбайжон, Қатар, Ливия, Марокаш, Польша, Жибути, Украина армиялари ҳамда Қирғизистон Чегара хизматида мавжуд.
ОАВ маълумотларига кўра, ушбу қурилмалар аллақачон 22 давлатга, жумладан Марокаш, Нигер ва Эфиопияга сотилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь