Кимнингдир ўлими – пиар учун сабаб эмас! – Наргиз Зокирова собиқ эри Руслан Шарипов ҳақида

Маданият-санъат

image

Хабарингиз бор, кеча, 28 июль куни ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Дўстлик” ордени соҳиби Руслан Шарипов 54 ёшида вафот этди. 

Ўтган асрнинг 80-йиллар охири, 90-йиллар бошларида замонавий ўзбек эстрадасининг шаклланишида беқиёс ўрин тутган бастакор, созанда ва хонанда Руслан Шариповнинг вафотига инсульт сабаб бўлгани айтилмоқда. 

Маълумки, Руслан Шарипов айни вақтда Россияда ижод қилаётган Зокировлар сулоласи вакиласи Наргиз Зокированинг собиқ турмуш ўртоғи. Наргиз Зокирова ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси Руслан Шариповнинг вафотидан чуқур қайғуда эканини маълум қилиб, бу фожиадан фойдаланиб қолмоқда бўлган журналистларга юзланди. Жумладан у шундай ёзади: 

"Қадрдон кузатувчиларим! Бугун биринчи турмуш ўртоғим – Руслан оламдан ўтди. Буни англаш мен учун ниҳоятда оғриқли. Мен қайғудаман. Ҳамдардлик билдириб ёзган изоҳларида мени белгилаган инсонларнинг барчасига миннатдорлик билдираман. 

Қўлимни кўксимга қўйиб, шуни айтмоқчиманки, ушбу постни оммага эълон қилишни истамас эдим, чунки кимнингдир ўлими – пиар учун сабаб эмас! Фожиа ва ўлимлардан шу йўл билан даромад олишга ҳаракат қиладиган одамлардан эса - нафратланаман! Шунинг учун, мендан бирор шарҳ ёки изоҳ кутмаслигингизни ўтиниб илтимос қиламан! Бу, шунингдек, Нью-Йоркда бўлган ва журналистларнинг тўхтовсиз қўнғироқ-ҳуружларига дуч келган онамга ҳам тегишли. 

Бу бизнинг шахсий қайғуимиз ва уни қандай енгишимиз – оиламизнинг ички ишидир. Тушунаман, ҳозирги кунда таниқли инсонларнинг аксарияти бундан фойдаланиб, умрга татигулик серия ва сюжетлари билан телеканаллар бўйлаб саёҳатни амалга оширган бўлардилар. Мен эса ундайлар сафига кирмайман. Менинг шахсий ҳаётим сотилмайди ва сотиб олинмайди! Албатта, қалбимда асраб келадиган кўплаб қадриятларим бор, улар ҳақида айнан сизнинг хабардор бўлишингиз кўп ҳам шарт эмас. Тушунганингиз учун раҳмат". 

Руслан Шарипов 1966 йил 10 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида туғилган. У фақатгина қўшиқчи эмас, мусиқачи ва бастакор ҳам бўлган. Иқтидорли ижодкор "Болалар", "Сетора", "Байт" каби машҳур гуруҳларни ташкил қилган. 

1980-йиллар охири 1990-йиллар бошида ўзбек эстрадасининг ривожланиши Руслан Шарипов номи билан боғлиқ. У кўп йиллар "Тарона" компаниясида ҳам фаолият юритган.


Мақола муаллифи

Теглар

Наргиз Зокирова Руслан Шарипов

Баҳолаганлар

3374

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг