Кимлар рўза тутмаслиги мумкин?
Фойдали
−
17 Май 2019
23037Айни пайт бутун мусулмон дунёсида Рамазон ойи рўзаси адо этилмоқда. Ҳар бир мусулмон учун рўза тутиш фарздир. Аммо, айрим ҳолларда шариат томонидан Рамазон ойи рўзасини тутмасликка рухсат берилади. Қуйида сизнинг эътиборингизга қандай ҳолларда рўза тутмаслиги ҳақида маълумот берамиз.
• Касал киши дардининг зўрайишидан ё чўзилишидан қўрқса, Рамазон рўзасини тутмаса бўлади. Рўза тутган бўлса, дарди кучайгач, рўзасини очиб юборса, унга каффорат лозим бўлмайди. Агар касал кундузи соғайиб қолса, ўша куни ифтор вақтигача емай-ичмай туриши лозим.
• Мусофир сафари давомида қийналса-қийналмаса, Рамазон рўзасини тутмаслиги мумкин. Лекин сафари давомида қийинчилик бўлмаса, рўза тутиши фазилатдир. Рамазон рўзасини ният қилгач, сафарга чиққан киши рўзасини очмаслиги зарур. Агар мусофир юртига кундузи қайтиб келадиган ё борган жойида муқим бўладиган бўлса, ўша куни рўза тутиши керак. Агар ўша куни рўза тутмаса, қуёш ботгунича емай-ичмай туриши вожибдир.
• Ҳомиладор ва эмизикли аёл рўза тутса, ўзи ё боласи қийналса, Рамазон рўзасини тутмаслиги мумкин.
• Ҳайз ва нифос ҳолатида бўлган аёллар рўза тутишлари мумкин эмас. Рўзадор аёл ҳайз кўриб қолса ё кўзи ёриб, нифос қонини кўрса, рўзасини очади. Ҳайз ё нифос қонидан тонг отганидан кейин тоза бўлган аёл ўша куни рўза тутмайди, лекин ифтор вақтигача емай-ичмай туриши вожибдир.
• Касал тузалгач, мусофир муқим бўлгач, ҳомиладор ва эмизикли аёл зарар хавфи йўқолгач, аёл ҳайз ё нифосдан тоза бўлгач, Рамазон рўзасидан тутмаган кунларининг қазосини тутиб бериши лозим.
LiveБарчаси