Ким Кардашьян 1,26 млн доллар жаримага тортилди

Маданият-санъат

image

Америкалик модель ва актриса Ким Кардашьян криптовалюталар рекламаси сабаб АҚШнинг “Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси” томонидан 1,26 миллион доллар жаримага тортилди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.

Гап шундаки, 2021 йилнинг ёзида Кардашьян ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали “EthereumMax” криптовалютаси ҳақида пост жойлаштирган ва бунинг учун 250 минг АҚШ доллари миқдорида ҳақ олган. Аммо, бу ишни реклама ҳуқуқи асосида амалга оширганини ошкор этмаган, балки шахсий тавсия сифатида ўз кузатувчилари билан улашган. Ана шу вақтда Instagram'да уни 225 миллион обуначиси бўлган.

Бунинг оқибатида, Кардашьян федерал қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонунларнинг anti-touting (ҳалол савдо) қоидаларини бузганлиги аниқланди ва ҳисоб-китобларга кўра, 1 миллион доллар жарима, у олган 250 000 доллар миқдоридаги тўлов, шунингдек, қўшимча фоизлар билан унга 1,26 миллион доллар миқдорида жарима белгиланди.

“Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси” раиси Гари Генслернинг таъкидлашича, АҚШ қонунчилгига кўра, қимматли қоғозлар билан пардоз анжомлари рекламалари ўртасида фарқ бор.

“Агар сиз пардоз анжомлари, оромгоҳ ёки бирор махсулотни реклама қилаётган бўлсангиз, бу билан боғлиқ турли қонунлар мавжуд. Лекин гап криптовалюта ҳақида кетса, бу қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонунларга риоя этишни талаб этади” дейди у.

Аммо, бу ҳолат Кардашьянни тушкунликка туширмаган. Унинг адвокатлари маълум қилишича Кардашьян Комиссия хулосаларини рад этмаган ва бу масалада ҳамкорлик қилишга рози.

“Кардашьян Комиссияга ёрдам бериш учун қўлидан келганини қилишга тайёр ва бу масалани ортга сурмоқчи эмас. Шунингдек, Кардашьян энди уч йил давомида крипто қимматли қоғозларни реклама қилмаслигини маълум қиламиз”, дейди адвокат.

Маълум бўлишича, Ким Кардашьян қимматли қоғозлар нархига ўз тасирини ўтказишда реклама талабларини бузгани учун жаримага тортилган биринчи таниқли шахс эмас. Бунгача, турли йилларда боксчи Флойд Мейвезер, мусиқий продюссер DJ Khaled ва актёр Стивен Сигаллар ҳам жаримага тортилган.

Маълумот ўрнида, Ким Кардашьяннинг асл исми Кимберли Ноэл Кардашьян бўлиб, у 1980 йилнинг 21 октябрь куни АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида туғилган. У актрисалик, дизайнерлик, моделлик ва тадбиркорлик фаолиятини олиб боради. Унга асосий омадни 2007 йилдан 2021 йилгача эфирга узатилган “Кардашьян оиласи” реалитий-шоуси келтирган. “Forbes” маълумотларига кўра Кардашьяннинг бойлиги 1,8 миллиард долларга баҳоланади. Унинг Instagram'даги обуначилари сони бугунги кунда 330 миллиондан зиёд.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

393

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг