Ким Чен Иннинг қизи Хитойда халқаро дебют қилди

Олам

image

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин шу ҳафта Пекинга ўзининг ўсмир қизини олиб келди. Бу унинг хориждаги илк оммавий чиқиши бўлиб, ядровий қуролланган давлатдаги сулолавий ҳукмдорликда у отасининг эҳтимолий вориси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни янада кучайтирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Сирли Шимолий Корея ҳеч қачон унинг исми ёки ёшини ошкор этмаган, аммо Жанубий Корея разведкаси уни 2013 йилда Ким оиласи билан вақт ўтказгани ва уни чақалоқ пайтида қўлига олган америкалик собиқ баскетболчи Деннис Родман томонидан Чжу Э деб таништирилган қиз деб ҳисоблайди.

У отаси билан бирга Пхеньяндан Хитой пойтахти Пекинга кечаси поездда келганда ва Ким Чен Ин бугун, 3 сентябрь куни Хитой томонидан Тинч океанидаги Иккинчи жаҳон уруши тугашини нишонлаш учун ташкил этилган улкан ҳарбий парадда қатнашганда унинг орқасида кўринди.

“Ҳозирча Чжу Э Шимолий Кореянинг кейинги олий раҳбари сифатида асосий номзод. У амалий дипломатик тажриба орттираяпти, бу унга кейинги раҳбар ёки элита қатламининг асосий аъзоси сифатида фойда беради”, деди АҚШдаги Stimson маркази эксперти, Шимолий Корея раҳбарияти бўйича мутахассис Майкл Мэдден.

Бу унинг Ким Чен Ин билан Шимолий Кореядан ташқарига илк сафарга чиқиши бўлди. Мэдденнинг таъкидлашича, бундай тажрибани на отаси, на таъсирчан аммаcи ҳеч қачон олмаган.

“У хорижий раҳбарлар ва бошқа элита вакиллари билан саломлашиш ва мулоқот қилиш бўйича қимматли тажриба орттираяпти,” деди у.

Таҳлилчилар таъкидлашича, Ким Чен Ин ҳеч қачон отаси Ким Чен Ир билан хорижга чиқмаган. Ким Чен Ир эса 1950 йилларда ўз отаси, Шимолий Корея асосчиси Ким Ир Сен билан сафар қилган.

Шимолий Кореянинг қаттиқ назорат қилинадиган давлат ОАВи 2022 йилда Чжу Э отаси билан бирга улкан қитъалараро баллистик ракета учирилиш маросимида кўрсатилгунга қадар Кимнинг болалари ҳақида ҳеч нарса ошкор этмаган эди. Ҳанузгача Ким Чен Иннинг бошқа фарзандлари ҳақида деярли маълумот йўқ.

Жанубий Корея разведкаси Чжу Эни ҳозирча энг эҳтимолий ворис деб ҳисобламоқда, гарчи у эркаклар ҳукмрон сулолада ҳақиқатан ҳам етакчига айлана оладими, деган саволлар мавжуд бўлса-да.

Тахминан 13 ёшлар чамасида деб баҳоланган Чжу Э охирги пайтларда диққат марказидаги тадбирларда қатнашиб келмоқда. Май ойида Россия элчихонаси тадбирида у дипломатик дебютини ҳам амалга оширди.

“Унинг оммавий чиқишлари йиллар давомида ҳарбий объектлардан сиёсий ва иқтисодий тадбирларгача кенгайди. Агар бу ворислик кампаниясининг бир қисми бўлса, у ҳолда бу, албатта, унга ёрдам беради, чунки бу Чжу Энинг халқаро саҳнадаги дебюти сифатида қабул қилинади”, деди Stimson маркази тадқиқотчиси Рэйчел Минъёнг Ли. 

Лининг таъкидлашича, ҳали бу ташриф Чжу Э Ким Чен Иннинг аниқ вориси эканини англатади, деб айтишга эрта. Аммо бу унинг дунёқарашини кенгайтириши мумкин. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин Шимолий Корея Чжу Э

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг