Ким Чен Ин Украинага қарши урушган қўмондонлар билан учрашди
Олам
−
21 Август 2025 6784 2 дақиқа
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин кеча, 20 август куни Россиянинг Курск вилоятида Украина қуролли кучларига қарши ҳарбий амалиётларда қатнашган ва давлат мукофотларини олиш учун уйига қайтган “Корея халқ армиясининг хориждаги оператив кучларининг етакчи қўмондонлари”ни қабул қилди. Бу ҳақда бугун, 21 август куни Шимолий Кореянинг Марказий давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Унинг маълумотларига кўра, Ким “Энг содиқ афсонавий ҳарбий жасоратлари билан ватан ишончини оқлаган Курск вилоятини озод қилиш операциясида бўлинмаларнинг барча қўмондонлари ва жангчиларига самимий ҳарбий саломлар етказишни сўраган”. Ким Чен Иннинг сўзларига кўра, КХДР армиясининг Курск вилоятидаги ҳарбий амалиётлари “дунёдаги энг кучлиси сифатида унинг номи ва шуҳратини таъминлади ва ғалабага олиб келди”.

Россиянинг Украинага қарши уруши фонида Москва ва Пхеньян ҳамкорликни фаол ривожлантира бошлади. 2025 йил апрелида аввалига Россия, кейин эса КХДР ҳарбий хизматчилари Россия Федерациясининг Курск вилоятида Украина Қуролли кучлари билан жангларда иштирок этишини ошкора тасдиқлади.
Ўшанда Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, КХДР Россия Федерациясига камида 11 минг аскар юборган, улардан 4 мингдан ортиғи ҳалок бўлган ёки яраланган. Бундан ташқари, Жанубий Корея ва бир қатор Ғарб давлатлари разведка хизматлари маълумотларига кўра, Шимолий Корея Россияга артиллерия снарядлари ва ракеталарини етказиб беради, Москва Украинага ҳужум қилиш учун улардан фойдаланади. Бунинг эвазига Пхеньян, эҳтимол, Россия Федерациясидан техник маслаҳатлар олади, жумладан сунъий йўлдошларни учириш бўйича.

2024 йил 19 июнь куни Владимир Путиннинг Пхеньянга ташрифи чоғида мамлакатлар стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган бўлиб, унга кўра, улардан бирига ҳужум қилинган тақдирда бир-бирига ҳарбий ёрдам кўрсатишга ваъда берган эди.
2025 йил 12 июль куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Шимолий Кореянинг Вонсан шаҳрида КХДР Ташқи ишлар вазири Чой Сон Хи билан бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича баёнот берди, ундан хулоса қилиш мумкинки, Москва КХДР қўшинларини Украина ҳудудига юборишга рухсат беради.