Ким Чен Ин сарой ўрнида махфий ядро базасини қурдирди

Олам

image

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Пхеньяндаги сарой ўрнида ядро ракеталарини учириш мажмуасини қурдирган. Бу ҳақда сунъий йўлдош суратларига таяниб, “The Telegraph” хабар берди.

Қайд этилишича, махфий база 2024 йилда бузиб ташланган қишки сарой ўрнида барпо этилган бўлиб, уни гольф майдони кўринишида ниқоблашган. Қурилиш ишлари тахминан ноябрь ойида якунланган ва ҳозир мажмуа синовлар учун фойдаланишга тайёр.

Ушбу ҳудуд ракета учириш қурилмалари ва ракеталарни жойлаштириш учун мослаштирилган. Майдон бетон асосда қурилган бўлиб, ўтган йили июнь ойида тайёр бўлган, кейин эса юпқа тупроқ қатлами билан қопланган ва унга чим экилган. Жеймс Мартин номидаги Ядро қуролларини тарқатмаслик муаммоларини ўрганиш маркази экспертларига кўра, бу каби майдонлар узоқ масофага учувчи баллистик ракеталарни учириш учун ишлатилади.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ушбу ҳудуддаги бошқа бинолар ҳам гольф майдонларига хос эмас. Собиқ қароргоҳ ҳудудидаги янги йўллар кенгайтирилиб, улар орқали ядро каллакларини ташишга қодир Hwasong -19 қитъалараро баллистик ракеталарининг юришини таъминлаш мумкин. Бундан ташқари, майдонда 36 метр баландликдаги тўрт қаватли бино барпо этилган бўлиб, унда ракеталар вертикал ҳолатда жойлаштирилиши мумкин. Тадқиқот гуруҳи аъзоси Сем Лейрнинг сўзларига кўра, ушбу иншоот ортида яна бир тузилма бор бўлиб, у янада ҳимояланган. У жойда тўртта ракета учириш қурилмаси жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, 10 март куни Шимолий Корея Жанубий Корея ва АҚШнинг “Freedom Shield” қўшма ҳарбий машғулотлари фонида Сариқ денгиз томон баллистик ракеталар учирганди. Пхенян бу машғулотларни “тажовузкорликни ва қарама-қаршиликни кучайтирувчи ҳарбий тайёргарлик” деб атаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин ядро базаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг