Ким чегара яқинида янги қуролларни синовдан ўтказди
Олам
−
10:43 1175 2 дақиқа
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакатнинг ракета дастурини модернизация қилиш ва Жанубий Корея билан чегарадаги ўт очиш қудратини кучайтириш доирасида ўтказилган муҳим қурол-яроғ синовларини шахсан кузатди. Бу ҳақда бугун, 26 июнь куни мамлакат Марказий телеграф агентлиги (KCNA) хабар қилди.
Маълумотларга кўра, синовлар 1950–1953 йиллардаги Корея уруши бўлган йиллар муносабати билан ўтказилган. Унда такомиллаштирилган 240 миллиметрли 24 қувурли кўп зарядли ракета тизими, тактик баллистик ракеталар ҳамда 155 миллиметрли ўзиюрар гаубица синовдан ўтказилган. KCNA’нинг маълум қилишича, янгиланган кўп зарядли ракета тизими автоном аниқ нишонга йўналтириш тизими билан жиҳозланган бўлиб, унинг зарба бериш масофаси 90 километргача оширилган.
Ким Чен Ин синов натижаларидан мамнунлигини билдириб, Пхеньян қурол-яроғ дастурларида автоматлаштириш, узоқ масофага зарба бериш ва “ўта юқори аниқлик”ни таъминлашни мақсад қилганини айтган. Унинг таъкидлашича, бу ишлар мамлакатнинг жанубий чегараси, яъни амалда Жанубий Корея билан чегарадаги мудофаа салоҳиятини кучайтиришга қаратилган.
Сўнгги йилларда Пхеньян ўзининг тактик ва анъанавий қурол-яроғ захирасини мунтазам такомиллаштириб келмоқда. Шунингдек, мамлакат Жанубий Корея чегараси яқинига янги қуролларни жойлаштириш ниятини бир неча бор билдирган.
Кённам университети қошидаги Узоқ Шарқ тадқиқотлари институти профессори Лим Иль Чхольнинг фикрича, бу ҳаракатлар Шимолий Кореянинг жанубий чегарани янада мустаҳкамлаш ва ядровий ҳамда анъанавий қурол кучларини ягона тизимга интеграция қилиш саъй-ҳаракатлари тезлашаётганини кўрсатади.
“Асосий мақсад – олдинги чизиқда жойлашган бўлинмаларни тактик ядровий қурол ва юқори аниқликда зарба бериш имкониятлари билан тўлиқ таъминлаш, натижада бутун Жанубий Кореяни зарба доирасига киритишдир”, деган у.
Жанубий Корея Бирлашув вазирлиги эса ушбу синовлар Шимолий Кореянинг беш йиллик мудофаа соҳасини ривожлантириш режасининг бир қисми эканини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, май ойида ҳам Шимолий Корея замонавий уруш шароитлари учун мўлжалланган тактик баллистик ракеталар, артиллерия ракеталари ва сунъий интеллект асосида нишонга йўналтириладиган юқори аниқликдаги қанотли ракеталар синовини ўтказганини маълум қилган эди.
Live
Барчаси