ХВЖ Ўзбекистонни бюджет харажатларни оширмаслик бўйича огоҳлантирди

Жамият

image

Кеча, 13 апрель куни Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон иқтисодиётининг яқин йиллар учун прогнози ҳамда солиқ-бюджет, пул-кредит ва таркибий сиёсат бўйича тавсияларини эълон қилиб, мамлакатни бюджет харажатларини оширмаслик бўйича огоҳлантирди. 

ХВЖ баҳосига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти юқори барқарорликни намойиш этган. Реал ЯИМ фаол истеъмол ва инвестициялар ҳисобига 7,7 фоизга ўсган. Ўсиш кенг кўламли хусусиятга эга бўлган, энг юқори суръатлар хизмат кўрсатиш соҳаси ва қурилишда қайд этилган. Ишсизлик даражаси 0,7 фоиз пунктига пасайиб, 4,8 фоизни ташкил этган.

Истеъмол нархлари индекси бўйича инфляция 2025 йил охирига келиб йиллик ҳисобда 7,3 фоизгача секинлашган (бир йил аввалги 9,8 фоизга нисбатан). Инфляциянинг секинлашиши 2024 йил май ойида энергия ташувчилар нархи ошиши оқибатларининг юмшаши, ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан 6,9 фоизга мустаҳкамланиши ва қатъий пул-кредит сиёсати билан изоҳланади. Базавий инфляция ҳам 1,5 фоиз пунктига пасайган. Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги ЯИМнинг 3,9 фоизигача қисқарган – бунда асосан хомашё ва нохомашё товарлари экспортининг юқори ҳажми ҳамда салмоқли пул ўтказмалари муҳим роль ўйнаган. Халқаро захиралар тахминан 13 ойлик импорт даражасида сақланиб қолмоқда. Давлат бюджети тақчиллиги ЯИМнинг 2,1 фоизини ташкил этган, бу белгиланган 3 фоизлик мақсадли кўрсаткичдан сезиларли даражада пастдир.

2026 йил учун ХВЖ реал ЯИМ ўсишини 6,8 фоиз даражасида прогноз қилмоқда. Буни давом этаётган ислоҳотлар, барқарор инвестициялар, пул ўтказмаларининг юқори даражаси ва олтин нархининг ошиши таъминлайди. Жамғарма баҳосига кўра, 2027 йилга бориб ички талабнинг сусайиши билан ўсиш суръатлари мўътадил равишда қарийб 6 фоизгача пасаяди. 2026 йилдаги инфляция, прогнозга кўра, Ўзбекистон Марказий банкининг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичидан юқорилигича қолади – бу қисман Яқин Шарқдаги уруш билан боғлиқ жаҳон нефть нархларининг баландлиги оқибати. Инфляциянинг мақсадли даражасига 2027 йилда чиқиш кутилмоқда.

ХВЖ истиқболларнинг ёмонлашиши бўйича мавжуд хавфларга эътибор қаратади. Ташқи хавфлар қаторига кучайган геосиёсий кескинлик, савдодаги узилишлар, хомашё нархларининг ўзгарувчанлиги ва глобал истиқболларнинг ноаниқлиги киради. Ички хавфлар орасида жамғарма харажатларнинг потенциал проциклик ўсишини, давлат корхоналари, давлат тижорат банклари ва давлат-хусусий шерикликнинг шартли мажбуриятларини ажратиб кўрсатади.

Солиқ-бюджет сиёсати

ХВЖ 2025 йилда бюджет тақчиллигининг камайишини ижобий баҳолайди ва 2026 йилги бюджет ижроси давомида харажатларни ошириш ҳолатларини минималлаштиришни тавсия қилади. Жамғарма огоҳлантиришича, даромадлар бўйича режанинг эҳтимолий ортиғи билан бажарилишида қўшимча харажатлар шусиз ҳам юқори бўлган инфляцион босимни кучайтириши мумкин. Яқин Шарқдаги можаро оқибатлари муносабати билан қўллаб-қувватлаш зарур бўлган тақдирда, ХВЖ универсал субсидиялар ва нархларни тартибга солишдан қочишни, аҳолининг заиф қатламлари учун вақтинчалик манзилли чоралар билан чекланишни маслаҳат беради.

2027 йил бюджетидан бошлаб ХВЖ ходимлари минерал ресурсларни чегириб ташлаган ҳолда номинал бирламчи тақчилликнинг юқори чегарасини жорий этишни тавсия қилади – бу амалдаги 3 фоизлик умумий тақчиллик мақсадли кўрсаткичига қўшимча бўлади. Бу табиий ресурсларни қазиб олишдан келадиган ўзгарувчан даромадларни яхшироқ бошқариш имконини беради.

Солиқ сиёсати қисмида ХВЖ 2020 йилдан бери кузатилаётган солиқ тушумларининг ЯИМга нисбати камайиши тенденциясига ишора қилади ва айрим товарлар учун акциз ставкаларини ошириш, солиқ таътиллари ва фойда солиғи бўйича пасайтирилган ставкаларни босқичма-босқич бекор қилиш, шунингдек, божхона тўловларини тўлашдан озод қилишларни бартараф этишни тавсия қилади. Ушбу чоралар ХВЖ кўмагида тайёрланган солиқ ва божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш стратегияларини амалга ошириш билан тўлдирилиши лозим.

Пул-кредит сиёсати

ХВЖ Ўзбекистон Марказий банкининг 2025 йил март ойидан бошлаб асосий ставкани 14 фоиз даражасида ушлаб туриш қарорини қўллаб-қувватлайди ва шу орқали юқори ижобий реал фоиз ставкаларини таъминлайди. Шу билан бирга, жамғарма сўнгги ойларда дезинфляция суръатлари секинлашганини, базавий инфляция эса 2026 йил февраль ойи охирига келиб 6,3 фоизгача кўтарилганини огоҳлантиради. Шу муносабат билан, ХВЖ агар инфляциянинг пасайиш тенденцияси тикланмаса, зарурат туғилганда сиёсатни қатъийлаштиришни тавсия қилади. Жамғарма, шунингдек, 2025 йил апрель ойида жорий этилган айирбошлаш курсининг мослашувчанлигини ошириш йўналишини қўллаб-қувватлаб, ушбу ёндашув иқтисодиётнинг ташқи шокларни ютиш қобилиятини мустаҳкамлашини ва инфляцион таргетлашга ўтишга ёрдам беришини таъкидлайди.

Молиявий сектор

Давлат тижорат банкларини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштиришни тезлаштиришни ХВЖ асосий устувор йўналишлардан бири деб атайди. Жамғарма активлар сифатини текширишни барча тижорат банкларига татбиқ этиш ва ишламайдиган кредитлар (NPL) баҳосини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш қарорини олқишлайди. Шу билан бирга, ХВЖ тизимли аҳамиятга эга давлат банкларининг давлат функцияларини бажарувчи тузилмалар сифатида қолиши молиявий барқарорлик учун хавфларни ошириши ва бюджет харажатларини кўпайтириши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Асосий устуворликлар қаторида жамғарма, шунингдек, директив кредитлаш дастурларини босқичма-босқич камайтириш, Марказий банкнинг операцион мустақиллигини таъминлаш, стресс-тестларни такомиллаштириш ва молиялаштиришдан фойдаланишни чеклайдиган фоиз ставкаларининг юқори чегараларини белгилаш амалиётидан воз кечишни қайд этади.

Таркибий ислоҳотлар

ХВЖ давлат корхоналари ислоҳотини тезлаштиришни талаб қилади ва рақобатбардош соҳалардаги рентабелли давлат корхоналари хусусийлаштирилиши, яшашга қобил бўлмаганлари эса тугатилиши кераклигини кўрсатади. Яқинда ташкил этилган Миллий инвестиция жамғармасининг инвесторларни жалб қилишдаги муваффақияти, жамғарма баҳосига кўра, унда аниқ ваколатлар ва операцион автономия мавжудлигига боғлиқ бўлади.

Бошқарув соҳасида ХВЖ хабар берувчиларни ҳимоя қилиш ва активларни декларация қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қабул қилиш зарурлигини кўрсатади. Меҳнат бозори ислоҳотлари аёлларнинг меҳнат фаолиятидаги иштироки пастлигини, норасмий бандликнинг юқори даражасини ва малакали кадрлар етишмовчилигини бартараф этишга қаратилиши керак. Жамғарма, шунингдек, иқлим мақсадларини давлат инвестицияларини бошқариш тизимига янада зичроқ интеграция қилишга ва монополияга қарши тартибга солишни фаоллаштиришга, шу жумладан ЖССТга аъзо бўлиш билан боғлиқ ислоҳотларни якунлашга чақиради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристалина Георгиева Яқин Шарқдаги инқирознинг эҳтимолий иқтисодий оқибатлари, хусусан, инфляциянинг ошиши ва иқтисодий ўсишнинг пасайиши ҳақида огоҳлантирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

иқтисодиёт инфляция Халқаро валюта жамғармаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг