ХВЖ Ўзбекистонга пенсия ёшини оширишни тавсия қилди
Жамият
−
25 Июнь 17628 2 дақиқа
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистонда амалдаги пенсия тизими ўрта муддатли истиқболда барқарорлигини таъминлаши ва етарли пенсияни тақдим этиши учун ислоҳ қилиниши зарур деб ҳисоблайди. Бу ҳақда кеча, 24 июнь куни ХВЖ томонидан эълон қилинган пресс-релизда сўз боради.
- ХВЖ қуйидагиларни тавсия қилмоқда:
- пенсияга чиқиш ёшини босқичма-босқич ошириш;
- стандарт бадал ставкасини босқичма-босқич кўтариш:
- айрим ташкилот турлари учун мўлжалланган имтиёзли бадал ставкаларини босқичма-босқич бекор қилиш;
- пенсия миқдорини бутун меҳнат фаолияти давомидаги ўртача даромадга асослаш;
- пенсияларни автоматик тарзда нархлар асосида индексация қилишни жорий этиш.
Шунингдек, кексаликдаги қашшоқликни камайтиришга қаратилган ҳар қандай ижтимоий пенсия эҳтиёж асосида белгиланмоғи, бюджет ҳисобидан молиялаштирилмоғи ва бошқа ижтимоий ёрдам дастурлари билан биргаликда бошқарилмоғи лозим. Бу эса такрорланишларнинг олдини олишга хизмат қилади.
ХВЖ маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати 2025 йилда пенсия ислоҳоти лойиҳасини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Пенсия ислоҳоти концепциясини сентябрь ойигача Президентга тақдим этиш кўзда тутилган.
Маълумот учун, ҳозирда мамлакатда пенсия ёши эркаклар учун 60 ёшни (камида 25 йиллик иш стажи билан), аёллар учун — 55 ёшни (камида 20 йиллик иш стажи билан) ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ёшга доир ва ногиронлик пенсиялари алоҳида мурожаат талаб этмасдан проактив шаклда тайинланиши хабар қилинган эди. Шунингдек, жорий йил 1 октябрдан давлат пенсия таъминотига оид ҳамда АТ “Халқ банки” томонидан пенсияларни нақд пул шаклида тўлаш билан боғлиқ хизматлар фуқароларни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) ҳамда уларнинг имзосини электрон шаклда олиш орқали амалга оширилади.
Live
Барчаси