Хусусий “заправкалар” эгалари “Ўзбекнефтгаз” монополиясидан “дод” деяпти

Жамият

Жорий йилнинг 17-18 август кунлари Тошкент шаҳрида "Тадбиркорлар билан мулоқот ҳафталиги" доирасида бир қатор панель мунозаралар бўлиб ўтди. 

Унда хорижий ва маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёз ва преференциялар бериш масаласи кўриб чиқилиб, тадбиркорларнинг муаммоларига қулоқ тутилди. Очиқ мулоқотга келган узоқ йиллардан буён автомобилларга ёқилғи қуйиш хизмати фаолияти билан шуғулланувчи мустақил тадбиркорлар “Ўзбекнефтгаз” устидан шикоят қилди.

Тошкент вилоятида эса 2 та, Тошкент шаҳри бўйича 11 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларига эгалик қилувчи “Мустанг” МЧЖ таъсисчиси Комил Исломовнинг айтишича, Ўзбекистонда бензин сотиш бўйича монопол ташкилотнинг борлиги ва бозорда у билан хусусий ташкилотлар ўртасидаги соғлом рақобатнинг йўқлиги қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.

“Ўзбекистонда икки хил бозор бор. Монополистлар учун биржада алоҳида “Форвард контракт” бор ва иккинчиси хусусий тадбиркорлар учун. “Ўзбекнефтгаз” учун арзон нарх ва бошқа “заправкалар” учун қиммат нарх. Бу бозор қонунчилигига тўғри келмайди, лекин, монополист бўлгани учун булар қўллайверади”.

Шунингдек, Комил Исломов сўнгги пайтларда Россиядан бензин сотиб олишда ўзбек тадбиркорлари дуч келаётган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, муаммо Россияда эмас – Ўзбекистонда!

“Россиядан бензин оляпмиз. Лекин Ўзбекистонга келгандан кейин транспорт ҳаражатлари тарифи жуда ҳам баланд, яъни Сариёғочдан то Тошкентгача тахминан 100 км бўлса, биз ҳар бир тонна бензин учун 220 минг сўмдан тўлаймиз. Бу қиммат нарх ва бунинг натижасида биз ҳам бензин нархини кўтаришга мажбур бўламиз”.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Ўзбекистонга  Россиядан 48,8 млн литр, Туркманистондан эса 11,7 млн литр автомобиль бензини импорт қилинган. Аммо Туркманистондан ҳам бензин олишда муаммолар йўқ эмас. 

“Туркамнистондан олинган бензин Бухорога тушириляпти. Бухородан машинада олиб келган тақдиримизда ҳам бир литр бензин [харажати] бизга тахминан 200 сўмга тушса, вагон билан олиб келиш 240 сўмга тушяпти. Лекин, аслида вагон билан юк ташиш машинага нисбатан доим арзон бўлиши керак. Бизда монопол ташкилот бўлгани учун улар хоҳлаган нархини қўйиб олган”, дейди тадбиркор. 

Тадбиркорнинг мурожаатига жавобан масъуллар бу масалани Транспорт вазирлиги  ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги кўриб чиқишини маълум қилди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2022 йилнинг январь-июнь ойларида 563 минг тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилган. Бундан ташқари, 60,6 млн литр бензин импорт қилинган. Бироқ ҳалигача Ўзбекистондаги бензин нархи Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг қимматлигича қолмоқда. Бензиннинг бугунги кундаги ўртача нархи  мамлакатда 10 минг 200 сўм.

Бутун дунё бўйлаб энергиянинг, табиий газ ва ёқилғининг чакана нархларини эълон қилиб борувчи “Global Petrol Prices” сайтининг энг сўнгги маълумотларига кўра, Қозоғистонда бензин нархи атиги 207 тенге. Ўзбек сўми билан ҳисобланганда 4 минг 788 сўм. Туркманистонда 1,5 манат, яъни 4 минг 675 сўм. Қирғизистонда 65 сом ва бу ўзбек сўмида 8 минг 765 сўмга тўғри келади. Шунингдек, мамлакатимиздаги нарх айни пайтда санкциялар босими остида қолаётган Россиядаги нарх (51,6 рубль) – 9 минг 600 сўмдан ҳам баланддир. 

Ҳулкар Муртазоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

372

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг