Хусусий шифохоналарга 2025 йилгача солиқ имтиёзи берилди
Жамият
−
18 Март 2022
4981Жорий йил 1 апрелдан бошлаб тиббиёт ташкилотлари томонидан чет элдан олиб кириладиган тиббий жиҳозлар, буюмлар, асбоб-ускуна ва материаллар 2025 йил 1 январгача қўшилган қиймат солиғи ва божхона божидан озод қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида маълум қилди.
Унинг қайд этишича, хусусий клиникалардан тушган кўплаб мурожаатларда хориждан олиб келинадиган тиббиёт ускуналари ва буюмлари, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар, сарфлов материалларига қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бериш сўралган.
Мурожаатларда, шунингдек, хусусий клиникаларга малакали мутахассисларни жалб қилишда, Ўзбекистонда ишлаш рухсатномаси учун, 700 мингдан 40 миллион сўмгача тўлов мавжудлиги кўрсатилган. Ушбу талаб, ҳатто, қисқа муддатда юқори технологик операциялар ҳамда шифокорларга “мастер-класс” ўтказишга таклиф этилган мутахассисларга ҳам қўлланилган.
Бундан ташқари, хусусий клиникалар мамлакатимизга тиббий туризм орқали даволанишга келган хорижий фуқаролар учун, “туризм йиғими” тўлашга мажбур.
Ушбу муаммоларга тўғри ечим топиш учун, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб:
• хорижий шифокорларга Ўзбекистонда ишлаш рухсатномасини бериш бўйича тўловлар миқдори кескин камайтирилади;
• хусусий клиникалардан “туризм йиғими” ундириш бекор қилинади.
Хусусий тиббиёт муассасалари учун, лицензия олишда санитария ва қурилиш талаблари тубдан қайта кўриб чиқилади.
“Бир нарсани аниқ тушуниш зарур. Тиббиётда соғлом рақобат бўлсагина, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ошади, асосийси, одамларимиз рози бўлади. Шунинг учун, соҳага хусусий секторни фаол жалб қилиш, уларга тизимнинг ажралмас қисми сифатида ўнг кўз билан қараш керак.
Бунда хусусий тиббиётни ривожлантириш учун, фақат солиқ ва божхона имтиёзлари, арзон кредитлар беришнинг ўзи етарли эмас. Уларга давлат шифохоналари билан тенг шароитларда ишлаш учун имконият яратиш керак. Бу муҳим масалада соғлиқни сақлаш тизими ва ҳудуд раҳбарлари ўз ёндашувларини ўзгартириши зарур.
Айтинг-чи, қайси “облздрав” ёки “райздрав”, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ҳудудида янги тиббиёт муассасаси қуриш ёки янги бир тиббий жиҳоз олишдан аввал, ўша ердаги мавжуд хусусий клиникалар имкониятини ўрганиб кўрган? Афсуски, бирон-бир ҳудуд ёки соҳада бундай таҳлил ҳам, ёндашув ҳам йўқ.
Шунинг учун давлат ва хусусий тиббий хизматларни ягона тизим асосида ривожлантириш бўйича, ўзаро ҳамкорлик механизмлари ишлаб чиқилади”, дейди Шавкат Мирзиёев.
LiveБарчаси