ХТВ,ССВ ҳамда МТВ тизимида 129 миллиард сўмлик камомад аниқланди
Жамият
−
18 Ноябрь 2020
5766Жорий йилнинг январь – сентябрь ойларида Халқ таълими вазирлиги тизимида 40,7 млрд сўм, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 22 млрд сўм, Мактабгача таълим вазирлиги 10,7 млрд сўмлик бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади ҳамда асоссиз харажатлар аниқлаган. Бу ҳақда бугун, 18 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида сўз борган. Депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил 9 ойи якунлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботни муҳокама қилдилар
Мажлисда депутатлар эътиборни, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалаларига қаратганлар. Халқ вакиллари молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2020 йилнинг 9 ойи мобайнида ўтказилган назорат тадбирларида 129 миллиард сўм атрофида бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади ҳамда асоссиз харажатлар аниқлаганини салбий баҳоладилар. Бундай ҳолатлар ҳисобот даврида Халқ таълими вазирлиги (389 та ҳолатда 40,7 млрд сўм), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (345 тада 22 млрд сўм), Мактабгача таълим вазирлиги тизимида (159 тада 10,7 млрд сўм) энг кўп аниқлангани танқид остига олинди, масъуллар бундан жиддий хулоса чиқариши лозимлигини таъкидладилар.
Бундан ташқари, коронавирусга қарши курашиш тадбирларига жалб этилган бир қатор тиббий муассасалар фаолияти учун Инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан ажратилган маблағларининг сарфланишида аниқланган 70,7 миллиард сўмлик хато ва камчиликлар, амалдаги қоидаларга риоя этмаслик ҳолатларига ҳам танқидий баҳо берилган
Мажлисда таъкидланишича, жорий йилнинг 9 ойи якунига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,4 фоизга ўсган.
9 ойлик Давлат бюджети даромадлари қарийб 94,5 триллион сўмни ташкил этган бўлса, пандемия шароитларини ҳисобга олган ҳолда аниқлаштирилган прогноз кўрсаткичлари 102,9 фоизга ёки 2 661 млрд. сўмга ошириб бажарилган.
Ўтган 9 ойда Давлат бюджетининг харажатлари давлат мақсадли жамғармаларини ҳисобга олмаган ҳолда 94,5 фоизга ижро этилган ёки бюджет харажатлари ЯИМга нисбатан 25,0 фоиздан иборат бўлган. Бюджет ташкилотларининг салкам 33,6 триллион сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 7,1 триллион сўмлик иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштириб берилган.
Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 53,6 триллион сўмдан ортиқ ёки умумий харажатларнинг 52,5 фоизи миқдорига тенг маблағ сарфланган. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 13,1 фоизни ташкил этган. Уларнинг 84 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан 13,6 триллион сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 3,1 миллиард сўмга кўп.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат қарорларига асосан тасдиқланган соғлиқни сақлаш соҳасига доир Давлат дастурлари ва марказлашган тадбирларга жорий йилнинг тўққиз ойи ичида 431 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, унинг 98 фоизи мақсадли ўзлаштирилган.
Глобал пандемия шароитида соғлиқни сақлаш соҳасига тасдиқланган бюджет маблағларидан ташқари “Инқирозга қарши курашиш” жамғармаси ҳисобидан ҳам тегишли маблағлар йўналтирилди. Жумладан, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий марказларига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирларга жами 2 440,3 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Муҳокамалар жараёнида депутатлар томонидан бюджетни шакллантириш ва ижросини таъминлашда натижадорлик муҳим экани таъкидланди. Бу борада бюджет тизимида аниқ чора-тадбирлар кўрила бошлангани эътироф этилди. Шу билан биргаликда, бюджет тизимида “Натижага йўналтирилган бюджет”ни шакллантириш ва ижросини таъминлашда жиддий ўзгаришлар сезилмаётгани ҳам кўрсатиб ўтилди. Шу боис, Молия ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ва идораларга бюджет маблағларининг натижадорлигига оид маълумотларни кўпроқ ёритиш масаласи қўйилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь