Хотин-қизлар қўмитаси Питерда ўзбекистонлик мигрант аёлларнинг шароитини ўрганди
Жамият
−
08 Сентябрь 2019
3880Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маруфова бошчилигидаги делегация аъзолари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб, мамлакатдаги энг йирик савдо ва бизнес марказларидан бирининг қурилишида иштирок этаётган 300 нафар ўзбекистонлик мигрантлар билан учрашдилар.
“Уларнинг кундалик ҳаётларида учраётган катта-кичик муаммолар ўрганилиб, ечимини кутаётган масалаларга соҳа мутахассислари иштирокида атрофлича жавоб қайтарилди. Шунингдек, йиғилганларга бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кўламли ўзгаришлар, мазкур жараёнда ёшларимиз учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди”, дейилади Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари икки ярим минг нафардан зиёд ишчилар меҳнат қилаётган тармоқ тикувчилик корхонасида бир гуруҳ ўзбек аёллари билан учрашиб, суҳбатлашгани айтилмоқда.
Учрашувда фабрикада яратилган шароитлар, ижтимоий ҳимоя, ҳатто ишчиларнинг фарзандлари тарбияси билан боғлиқ жараёнлар муҳокама қилинган.
Шунингдек, Санкт-Петербург администрациясининг миллатлараро муносабатлар ҳамда миграция сиёсатини юритиш қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда ўзбекистонлик мигрантларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинган. Келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган мақсадли режаларнинг “йўл харитаси” ишлаб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 20 август куни “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди.
LiveБарчаси