Хорватия терма жамоаси мураббийи ишдан кетди

Спорт

image

Златко Далич Хорватия миллий терма жамоаси бош мураббийи лавозимини тарк этди. Бу ҳақда Хорватия футбол федерациясининг (HNS) расмий сайтида хабар берилди.

“Қарийб тўққиз йиллик фаолиятдан сўнг бош мураббий Златко Далич Хорватия миллий терма жамоасидаги ниҳоятда муваффақиятли фаолиятини якунлашга қарор қилди. Сизга ғалабалар, ютуқлар, йирик мусобақаларга йўлланмалар, медаллар, жамоадаги бирлик муҳити, ўзаро ҳурмат ҳамда Хорватия шарафини майдонда ва майдон ташқарисида муносиб ҳимоя қилиш йўлидаги беқиёс фидойилигингиз учун миннатдорлик билдирамиз”, дейилади федерация баёнотида.

Жорий йилнинг 2 июль куни Хорватия терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати 1/16 финал босқичида Португалияга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этган эди.

Далич Хорватия терма жамоаси тарихидаги энг муваффақиятли ва энг узоқ вақт ишлаган бош мураббий сифатида фаолиятини якунлади. У жамоани 2018 йилги Жаҳон чемпионатида кумуш, 2022 йилги мундиалда эса бронза медалларига эга чиқишига ҳисса қўшган.

Шунингдек, унинг бошқаруви остида Хорватия 2023 йилги UEFA Миллатлар лигасида кумуш медални қўлга киритди. Жамоа, бундан ташқари, 2021 ва 2024 йилги Европа чемпионатлари ҳамда 2026 йилги Жаҳон чемпионати финал босқичларида ҳам иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия миллий терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсманн ҳам Жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсизлиги сабаб ўз лавозимини тарк этганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг