Хорижда ўқиётган афғонистонлик аёллар депортация қилиниши мумкин
Олам
−
08 Март 2025 6629 2 дақиқа
АҚШ томонидан молиялаштирилган стипендия дастури бўйича Уммонда таҳсил олаётган 80 дан ортиқ афғон аёли Трамп маъмуриятининг ташқи ёрдам дастурларини музлатиб қўйгани ортидан Афғонистонга депортация қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Amu TV хабар берди.
Нашрга кўра, “Толибон” ҳокимиятга келгунга қадар АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) томонидан афғонистонлик аёлларнинг ўқиши учун молиялаштирилган стипендиялар Оқ уй раҳбари Дональд Трамп жорий йилнинг январь ойида молиялаштиришни музлатиш тўғрисида буйруқ берганидан сўнг тўсатдан тўхтатилган. Шунингдек, 82 нафар афғонистонлик талаба қизларнинг электрон почтасига хабар юборилиб, унда Афғонистонга қайтиб бориш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилган, бу эса талабалар орасида ваҳима уйғотган.
“Бу юракни эзади. Ҳамма ҳайратда қолди ва йиғлади. Бизни икки ҳафта ичида қайтариб юборишларини айтишди. Биз зудлик билан ҳимояга, молиявий ёрдамга ва таълимимизни давом эттиришимиз мумкин бўлган хавфсиз мамлакатга кўчириш ёрдамига муҳтожмиз”, дейди талабалардан бири.
Шунингдек, талабалар уларни депортация қилишга ҳозирданоқ тайёргарлик кўрилаётганини айтиб, халқаро ҳамжамиятни бу ишга аралашишга чақирган.
“Асосан 20 ёшлардаги аёллар 2021 йилда, “Толибон” ҳокимиятни эгаллашидан олдин стипендия олиш ҳуқуқини қўлга киритган. Кўпчилик Афғонистон университетларида ўқишни 2022 йилнинг декабригача, “Толибон” аёллар учун олий маълумотни тақиқлаган пайтгача давом эттирган. Улар 2024 йилнинг сентябрь ойида Покистонга қочиб кетди. Шундан сўнг USAID уларнинг Уммонга визаларини расмийлаштирди. АҚШнинг кўмак маблағлари минглаб афғон аёлларига хорижда ўқиш ёки ўқишни онлайн давом эттириш имконини берган эди, бироқ ҳозирда бу дастурларнинг аксарияти тўхтатилган”, дейилади хабарда.
“Агар бизни қайтариб юборишса, жиддий муаммоларга дуч келамиз. Бу бизнинг барча орзуларимизни йўқотишни англатади. Биз ўқий олмаймиз ва кўпчилигимиз ўтмишдаги алоқаларимиз ва фаоллигимиз туфайли шахсий хавф остида бўлишимиз мумкин”, дейди талаба қизлардан бири.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” ҳукумати аёлларга жамоат намозларини адо этиш учун масжидларга боришни тақиқлагани ҳақида хабар берилган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси