Хоразмда газ таъминотига қайта улашни талаб қилган фуқаро қамалди

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 12 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Хоразмда ИИБ ходимлари ва бир гуруҳ фуқаролар ўртасидаги низоли холат акс этган видеолавҳа тарқалди. Хоразм вилояти ИИБ видеолавҳа ва унда акс холатлар бугунги кунда масъул ички ишлар органи ходимлари томонидан батафсил ўрганилаётганини маълум қилди.

Бошқарма холат юзасидан қуйидагиларни дастлабки маълумот тариқасида очиқлаган.

Қайд этилишича, бугунги кунда табиий газ етиб бориши қийин бўлган маҳаллаларда жойлашган хонадонлар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан газ тармоғидан ажратилиб, суюлтирилган газ ва кўмир билан узлуксиз равишда таъминлаб келинмоқда.

“Шундай бўлсада, 2021 йил 18 август куни Урганч туманининг “Обод” маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар ўз хонадонларини газ тармоғига қайта улаш ҳақидаги мурожаатини йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини қасддан бузиб, Урганч тумани ҳудудидан ўтган 4Р156 автомобиль йўлининг қатнов қисмига чиқиб, транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилиб, қонунга хилоф равишда билдиришган”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ушбу фуқароларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйиш ва автомобиль йўлида транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш мақсадида Урганч тумани ИИБ ходимлари ва Ҳокимлик мутасаддилари ҳодиса жойига зудлик билан етиб борган. Аммо шу ерда бўлган фуқаро Д.Р. ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабини бажармасдан, омма олдида ИИО ходимининг қонуний талабларини бажармасликка даъват қилиб, уларга оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида била туриб сохта уйдирмаларни тарқатган.

Шундан кейин мазкур холат Урганч тумани ИИБ тергов-тезкор гуруҳи томонидан тегишли тартибда расмийлаштирилган. Д.Р.нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, тўпланган материаллар маъмурий тартибда кўриб чиқиш учун туман судига юборилган.

Фуқаро Д.Р. 11 сентябрь куни суд мажлисига келмагач, шу куни соат 17:40 да уни уйига суд ажримига кўра мажбурий келтиришни таъминлаш учун Урганч тумани ИИБ ходимлари юборилган.

“Аммо Д.Р. ўзини спиртли ичимлик истеъмол қилганлигини рўкач қилиб, судга бормаслигини айтган. Шунингдек, Д.Р. бу жараёнга қўшниларининг эътиборини жалб қилиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабини бажармасликка эришиш мақсадида, ички ишлар органлари ходимларига оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқаришга қаратилган сохта уйдирмаларни била туриб тарқатишда давом этган”, дейилади ИИБ хабарида.

Кеча, 13 сентябрь куни фуқаро Д.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194, 195 ва 201-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аломатлари бўйича тўпланган ҳужжатлар Урганч тумани суди биносида жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир тумани суди томонидан очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган ва у юқоридаги моддаларда кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир қилганликда айбли, деб топилиб, 10 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

243

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг