Хоразм ва Сурхондарёда электр станциялари қурилади
Жамият
−
31 Июль 2021
3366Сурхондарё вилоятида қуввати 1 500-1 600 МВт бўлган буғ-газ электр станцияси ҳамда Хоразм вилоятида қуввати 174 МВт бўлган газ-поршенли электр станцияси қурилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг ПҚ-5193 ва ПҚ-5195 сонли қарорларида белгиланди.
ПҚ-5193 сонли “Сурхондарё вилоятида қуввати 1 500-1 600 МВт бўлган буғ-газ электр станцияси қурилишини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга асосан “Stone City Energy” компанияси (Нидерландия) компанияси 1,2 млрд долларга тенг бўлган станцияни 25 йил давомида қуриш инвестиция лойиҳасини амалга оширади.
Лойиҳани амалга ошириш мақсадида “SCE Quvvat” МЧЖ (лойиҳа компанияси) ташкил этилган. Қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида у 30 млн доллар миқдорида банк кафолатини тақдим этади.
ПҚ-5195 сонли “Хоразм вилоятида қуввати 174 МВт бўлган газ-поршенли электр станцияси қурилишини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга асосан “Hidro Enerji Elektrik Uretim Sanayi A.Ş.” (Туркия Республикаси) компанияси Хоразм вилоятида 25 йил давомида қуввати 174 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш инвестиция лойиҳасини амалга оширади.
Лойиҳани амалга ошириш мақсадида "Odaş Enerji СА" МЧЖ (лойиҳа компанияси) ташкил этилган. Қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида у 1,3 млн доллар миқдорида банк кафолатини тақдим этади.
Ҳужжатлар билан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва лойиҳа компаниялари ўртасида инвестиция лойиҳалари доирасида Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим ҳам маъқулланган, уларга мувофиқ:
• лойиҳа компаниялари ишлаб чиқарилган электр энергиясини кафолатланган тарзда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ тимсолида ягона харидорга сотиш мажбуриятини олган;
• "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олади ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга оширади;
• "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ электр энергиясини 3 ой мобайнида сотиб олишни қоплаш учун мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида лойиҳа компаниялари фойдасига чет эл валютасида имтиёзли, қопланмайдиган шартсиз банк кафолати тақдим этади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь