Хоманаий ислом давлатларини Исроил билан алоқаларни узишга чақирди
Олам
−
21 Сентябрь
4354Эрон Ислом Республикаси олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий барча исломий мамлакатларни Исроил билан сиёсий муносабатларни чеклашга ва у билан иқтисодий алоқаларни узишга чақирди. Бу ҳақда у Теҳронда бўлиб ўтган “Ислом бирлиги” халқаро конференциясида сўз очди.
“Бугун сионистик режим уятсиз ва очиқдан-очиқ жиноятлар қиляпти”, дейди Хоманаий Исроилнинг Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилдаги амалиётлари, шунингдек, Ливан ва Сурияга ҳужумлари ҳақида тўхталиб.
Унинг айтишича, Ислом олами Исроил билан сиёсий алоқаларни чеклаб қўйиши, матбуотда унга нисбатан босимни кучайтириши ва Фаластин халқи томонида қатъий эканини очиқ кўрсатиши керак. Биринчи қадам сифатида эса исломий мамлакатлар Исроил билан иқтисодий алоқаларни бутунлай узиши зарур.
Маълумот учун, 17 ва 18 сентябрь кунлари Ливанда алоқа воситаларининг портлаши содир бўлди. 17 сентябрь куни мамлакатнинг турли ҳудудларида деярли бир вақтнинг ўзида кўп сонли пейжерлар портлади. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, фавқулодда ҳодиса натижасида 12 киши, жумладан, 2 нафар бола ҳалок бўлган, 2,8 минг нафар одам тан жароҳатлари билан шифохоналарга етказилган. Эртаси куни, 18 сентябрда Ливаннинг турли ҳудудларида қуёш панеллари ва литий-ионли аккумуляторлардан қувват оладиган рациялар, телефонлар ва қурилмалар портлади. Такрорий ҳужум натижасида 25 киши ҳалок бўлди, 608 киши яраланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати нафақат Ғазо секторини, балки Туркияни ҳам ҳимоя қилишини айтди ва Исроил кенгайишига қарши исломий давлатлар коалициясини тузишга чақирди.
LiveБарчаси